“Ёшлик” киностудияси томонидан суратга олинган “Ипак йўлида” қисқа метражли фильми Москвада ўтказилган “Патрики” халқаро кинофестивалида “Энг яхши режиссёрлик иши” номинацияси бўйича ғолиб чиқди.
Кинематография агентлиги маълумотига кўра, мазкур картина “Ипак йўли дурдонаси” Тошкент халқаро кинофестивали дастуридаги “5 кунда кино” ёш режиссёрлар лойиҳаси доирасида суратга олиниб, бош соврин – “Гран-При” ҳамда “Энг яхши актёр” номинациясида ғолибликни қўлга киритган эди.
Фильм ижодкорлари – сценарий муаллифи Шоҳжаҳон Субҳонов, саҳналаштирувчи режиссёр Шерзод Назаров, тасвирчи Диёр Исматов, рассом Эркин Хушматов, бадиий раҳбар Али Ҳамроев.
Эслатиб ўтамиз, “Ипак йўлида” қисқа метражли фильми яна бир неча халқаро фестивалда иштирок этиб, муносиб эътирофга сазовор бўлган.
ЎзА