Озарбайжон пойтахти Бакуда шахмат бўйича бошланган жаҳон кубоги мусобақаларининг дастлабки тур баҳслари ортда қолди.
Дунёнинг энг кучли 206 нафар эркак ва 106 нафар аёл шахматчиси иштирокида ўтказилаётган мазкур мусобақада учта совринли ўринни эгаллаган шахматчилар 2024 йили шахмат тожи даъвогарлари турнирига йўлланмани қўлга киритади.
Эркаклар ўртасида ўнинчи, аёллар ўртасида иккинчи бор ташкил этилаётган чемпионатнинг мукофот жамғармаси 2,5 миллион АҚШ долларидан зиёдни ташкил этмоқда.
Унда биринчи ўринни қўлга киритган 111 минг, иккинчи ўрин соҳиби 80 минг, учинчи ўриндан жой олганлар 50 минг, тўртинчи ўринни эгаллаган шахматчи 50 минг АҚШ доллари билан тақдирланади. Шунингдек, мусобақа низомига биноан 1/128 дан 1/4 финалгача бўлган босқичларда қатнашган ҳар бир шахматчи маълум миқдордаги мукофот пулларига эга чиқади.
Жорий йилнинг энг муҳим мусобақаси бўлган ушбу жаҳон кубоги баҳсларида мамлакатимиз шахматчиларидан Нодирбек Абдусатторов, Жавоҳир Синдоров, Нодирбек Ёқуббоев, Шамсиддин Воҳидов ва Нилуфар Ёқуббоева ғолиблик йўлида дона суради.
24 августга қадар давом этадиган жаҳон кубогининг дастлабки ўйинларида ҳамюртларимиз Жавоҳир Синдоров Жанубий Судан вакили Дэн Киприано Реханни, Нодирбек Ёқуббоев суриялик Малек Кониаҳлини 1:0 ҳисобларида мағлуб этган бўлса, Шамсиддин Воҳидов озарбайжонлик Абдулла Гадимбайли ҳамда Нилуфар Ёқуббоева словакиялик Ева Репкова билан дурангга эришди.
Мамлакатимизнинг биринчи рақамли шахматчиси Нодирбек Абдусатторов рейтинги юқорилиги сабаб, баҳсларни 2-босқичдан бошлайди.
Бугун, 31 июль куни 1-босқич доирасидаги 2-тур ўйинлари ўтказилади.
Т.Рўзиев,
ЎзА