Жорий йилнинг 27 июль куни ижтимоий тармоқлар орқали аёл кишининг турмуш ўртоғига ҳақоратли сўзларни айтиб, фарзандини уриб, ҳақорат қилганлиги ҳақида тарқалган видео материал юзасидан Қорақалпоғистон Республикаси прокуратураси расмий муносабат билдирди.

Аниқланишича, жорий  йилнинг 19 июль куни Қораўзак тумани “Қутли макон” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи фуқаро П.Ж. Қозоғистон Республикасида ишлаб юрган турмуш ўртоғи К.С. билан юзага келган келишмовчилик натижасида вояга етмаган фарзанди Т.Ж.га тазйиқ ўтказиб, уни ҳақорат қилганлиги тасвирланган видеони турмуш ўртоғи К.С.га телеграм мессенжери орқали юборган.

Мазкур ҳолат юзасидан 27 июлда Қораўзак тумани ички ишлар бўлими ҳузуридаги тергов гуруҳи томонидан фуқаро П.Ж.га нисбатан ЖКнинг 110-моддаси 2-қисми “а” банди (вояга етмаган шахсни муттасил равишда дўппослаш ёки бошқача ҳаракатлар билан қийнаш) билан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Шунингдек, мазкур оилада тарбияланаётган уч нафар вояга етмаганларнинг ижтимоий ҳимоясини таъминлаш мақсадида туман прокуратураси томонидан уларнинг ҳолидан хабар олиниб, мактабгача ва мактаб таълими бўлими ҳамда ички ишлар органларининг психолог хизмати ходимлари жалб қилинди.

Ҳозирда вояга етмаганлар Қозоғистон Республикасидан қайтиб келган отаси К.С.нинг қарамоғига топширилди.

Жиноят иши тергови Қорақалпоғистон Республикаси прокуратураси томонидан назоратга олинди.

Довуд АБИБУЛЛАЕВ, ЎзА