Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида фаолиятни амалга ошириш тартиби тўғрисида”ги низомга кўра, меҳнат даромадини олишга йўналтирилган, якка тартибдаги тадбиркорлар сифатида рўйхатга олинмаган, меҳнат стажи ҳисобга олиниши ва рағбатлантирувчи имтиёзлардан фойдаланиш ҳуқуқи билан давлат солиқ хизмати органларида рўйхатдан ўтказилган жисмоний шахслар ўзини ўзи банд қилган шахслар ҳисобланди.
Ўзини ўзи банд қилган шахслар ва уларнинг фаолият турлари хусусида Тошкент давлат юридик университети Юридик клиникаси ходими Жавоҳир Эшонқулов қуйидагиларни гапириб берди:
– Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Тадбиркорлик фаолияти ва ўзини ўзи банд қилишни давлат томонидан тартибга солишни соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига кўра, 80 та шундай фаолият турлари мавжуд. Хусусан, булар автомобиль бозорларида воситачилик хизмати, риэлторлик хизматини кўрсатиш (ижарага уй топиб бериш, уй сотиб олиш ва сотишга кўмаклашиш), уйда сут ва сут маҳсулотларини қайта ишлаш ва сотиш хизмати, гипс ва ганчдан буюмлар ясаш, кулолчилик, киберспорт фаолияти, видео ва фотосуратга олиш хизматлари, калитлар тайёрлаш каби фаолият турлари ҳисобланади.
– Ўзини ўзи банд қилган шахслар қандай турдаги солиқ тўлайди?
– Ўзбекистон Республикасининг “Аҳоли бандлиги тўғрисида”ги қонуни 36-моддасига муфовиқ, ўзини ўзи банд қилган шахсларнинг меҳнат фаолияти натижасида олинган даромадлар жисмоний шахснинг ялпи даромади таркибига киритилмайди. Ўзини ўзи банд қилган шахслар ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида амалда ишлаб берилган вақтдан қатъи назар, базавий ҳисоблаш миқдори суммасининг 50 фоизидан кам бўлмаган миқдорда ижтимоий солиқ тўлайди. Ушбу солиқ суммаси Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига тўлиқ йўналтирилади ва шундан келиб чиққан ҳолда, якка тартибдаги тадбиркорлар учун белгиланган тартибда пенсияни ҳисоблаб чиқариш учун иш ҳақи миқдори аниқланади.
Солиқ кодексининг 369-моддасига кўра, қонунчиликда белгиланадиган тартибда ўзини ўзи банд қилган шахсларнинг меҳнат фаолияти натижасида олинган даромадлари, шу жумладан талабаларнинг Ўзбекистон Республикаси олий таълим ташкилотлари ҳудудида пулли ўқув курсларини, спорт тўгаракларини ташкил этишдан ва бошқа таълим хизматларини кўрсатишдан олинган даромадлари жами даромад таркибига киритилмаслиги белгиланган.
Ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида рўйхатдан ўтиб, фаолият билан шуғулланётган шахсларга даромад солиғи солинмайди фақат белгиланган ижтимоий солиқни тўлашса бўлди.
– Ўзини ўзи банд қилган шахсларга қандай имтиёзлар белгиланган?
– Ўзбекистон Республикаси “Аҳоли бандлиги тўғрисида”ги қонуннинг 37-моддасига муфовиқ қуйидаги имтиёзлар белгиланган:
Унга кўра, ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида меҳнат фаолиятини амалга ошириш даври пенсия олиш ҳуқуқига эга бўлинган пайтдан эътиборан ёшга доир пенсияни ҳисоблаб чиқариш учун қабул қилинадиган иш стажига қўшиб ҳисобланади.
Ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида рўйхатга олиш даври, меҳнат фаолияти бу даврда ўзини ўзи банд қилиш тартибида амалда бажарилгани ёки бажарилмаганидан қатъи назар, пенсияни тайинлаш учун меҳнат стажига қўшиб ҳисобланади. Маҳаллий меҳнат органлари ўзини ўзи банд қилган шахсларга имтиёзли микрокредитлар ажратиш учун тижорат банкларига тавсиялар беради. Ўзини ўзи банд қилган шахслар белгиланган тартибда аккредитация қилинган касбга ўқитиш марказларида (касб-ҳунар таълими муассасаларида) қисқа муддатли касбга ўқишни, шунингдек тадбиркорлик кўникмаларига ўқишни бепул ўташи мумкин. Ўзини ўзи банд қилган шахсларни касбга ўқитишни ташкил этиш ва ўқитиш бўйича харажатларни молиялаштириш ушбу модданинг тўртинчи қисмида назарда тутилган ҳолларда Ўзбекистон Республикаси Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан амалга оширилади. Маҳаллий меҳнат органлари ўзини ўзи банд қилган шахсларга меҳнат асбоб-анжомларини, шахсий ҳимоя воситаларини ва иш кийимини имтиёзли ижарага бериш пунктларини ташкил этади.
– Ўзини ўзи банд қилган шахслар қачон бундай мақомни йўқотиши мумкин?
– “Аҳоли бандлиги тўғрисида”ги қонуннинг 37-моддасига кўра, ўзини ўзи банд қилган шахслар сифатида рўйхатга олинган шахслар ўз фаолиятида ёлланма ходимлар меҳнатидан фойдаланишга, шунингдек иш берувчига эга бўлишга ҳақли эмас. Ушбу талабларга риоя этилмаган тақдирда, ўзини ўзи банд қилган шахслар ўз мақомини йўқотади.
Гулноза Бобоева, ЎзА