Россия Бош вазири Михаил Мишустин гуруч ва гуруч ёрмаси экспортига вақтинча тақиқ жорий этиш тўғрисидаги қарорни имзолади. Ушбу чеклов жорий йил 31 декабрга қадар амал қилади, дейилади ҳукумат веб-сайтида.

– Гуруч ва гуруч ёрмаси экспортида муайян истисно мавжуд, – дейилади тегишли ҳужжатда. – Тақиқ Евросиё иқтисодий иттифоқига аъзо давлатлар, шунингдек, Абхазия ва Жанубий Осетияга нисбатан қўлланмайди.

“Интерфакс” ахборот беришича, РФ гуруч маҳсулотларини инсонпарварлик ёрдами, халқаро транзит асосида чет элга юбориши мумкин.

– Вақтинча тақиқ Иқтисодиётни ривожлантириш ва интеграция масалалари бўйича ҳукумат комиссиясининг божхона-тариф ва тарифсиз тартибга солиш, ташқи савдода ҳимоя чоралари бўйича қуйи қўмитаси томонидан маъқулланди, – дейилади ҳужжатда.

Вазирлар Маҳкамаси ушбу қарор ички бозорда барқарорликни сақлаш мақсадида қабул қилинганини таъкидлаган. Ўтган ой охирида мамлакат Қишлоқ хўжалиги вазирлиги гуруч экспортини тақиқлаш таклифини киритган эди.