Хабар берганимиздек, Қозоғистоннинг Астана шаҳрида теннис бўйича давом этаётган «Челленжер» турнирида ҳамюртимиз Ҳумоюн Султонов муваффақиятли иштирок этмоқда.

Мукофот жамғармаси 40 минг АҚШ долларидан иборат мусобақада Ҳумоюн Султонов иккинчи даврада турнирнинг тўртинчи ракеткаси, қозоғистонлик Дмитрий Попкони томошабинлар сафига кузатиб қўйган эди.

Дунё рейтингида 550-ўринда бораётган Султонов мазкур мусобақанинг чорак финал учрашувида россиялик Евгений Филипповни уч сет натижасига кўра доғда қолдирди. Биринчи сетни 5/7 ҳисобида бой берган ҳамюртимиз иккинчи ва учинчи сетни 6/4, 6/3 кўринишида ўз фойдасига ҳал этди.

Энди Ҳумоюн Султонов «Челленжер» турнирининг ярим финал баҳсида қозоғистонлик Кукушкин ва россиялик Карловский қарама-қаршилигида кечадиган баҳс ғолиби билан куч синашади.

Т.Рўзиев, ЎзА