Фарғона шаҳрида Ички ишлар вазирлигининг кенгайтирилган ҳайъат йиғилиши бўлиб ўтмоқда. Унда Президент Шавкат Мирзиёев иштирок этаяпти.

– Аслида ҳам, аҳолининг тинчлигини таъминлаш маҳалладан бошланиши керак. Лекин маҳаллада жиноятчиликни жиловлаш аҳволидан халқимиз қанчалик рози, – дея савол қўйди Президент.

Мисол учун, ўтган олти ойда маҳаллаларда барвақт олдини олиш мумкин бўлган 12 мингга яқин жиноят содир этилган.

Қотиллик ва тан жароҳати билан боғлиқ жиноятларнинг 50 фоизи оилавий-маиший низолар ва мунтазам жанжаллар оқибатида, ўғриликнинг 70 фоизи ишсизлик ва моддий етишмовчилик сабаб, ёшлар ва ўсмирлар жиноятлари, асосан, оиладаги муҳит ва ҳуқуқий саводхонлик етишмаслиги туфайли содир бўлмоқда.

Шунингдек, айрим ҳуқуқ-тартибот идоралари раҳбарлари жиноятчиликни олдини олишда жиловни қўйиб юборган.

– Улар орасида шахсий манфаатларини касбий мажбуриятларидан устун кўраётган, ҳуқуқ-тартибот идораларида ишлашга номуносиб бўлган бир қатор раҳбарлар ҳам бор, – деди давлатимиз раҳбари.

ЎзА