Қўқон шаҳрида Президент Шавкат Мирзиёев раислигида йиғилиш бўлиб ўтмоқда.

Умуман, вилоятда 2022 йилнинг олти ойида фаолият юритмаётган корхоналар сони 2,5 мингтани ташкил қилган бўлса, бугунги кунда ушбу кўрсаткич 14,5 мингтага етган.

Йил бошида республика бўйича 60 та туман тўртинчи ва бешинчи тоифаларга киритилиб, уларни иқтисодий ривожлантириш бўйича алоҳида дастур бошланди.

Фарғонада ушбу тоифаларга кирган Фурқат, Ёзёвон ва Сўхдаги тадбиркорлар ўтган олти ойда 30 миллиард сўмлик солиқ имтиёзларидан фойдаланган.

Лекин, яратилган шароитларга қарамасдан, мазкур туманларда натижа кўринмаяпти. Аҳвол яхшиланиши ўрнига, улардаги тадбиркорлар тушуми ўтган йилга нисбатан камайиб кетган.

Саноат зоналарида катта майдонлар бўш турганлиги, вилоятдаги 19 та туман ва шаҳар ҳокимлари уларни тадбиркорларга таклиф қилиб, мавжуд имкониятлардан фойдаланмаётгани танқид қилинди.

–Шунча бўш жойлар туриб, ҳокимлар саноат зоналари учун қишлоқ ерлари тоифасини ўзгартириш бўйича мурожаат қилишдан “чарчамаяпти”.

Энг ачинарлиси, вилоятда ишлаб чиқариш бўлган давлат объектларини хусусийлаштириб, улар ўрнида якка тартибдаги уй-жойлар қуриб юбориш ҳолатлари мавжуд, – деди давлатимиз раҳбари

Бош прокуратура, Кадастр агентлигига бир ой муддатда Фарғона вилоятида сўнгги беш йилда саноат зоналари ва бўш турган ишлаб чиқариш майдонлари тоифасини якка тартибдаги уй-жой қуришга ўзгартириш ҳолатларини текшириб, қонун устуворлигини таъминлаш топширилди.

Бундан буён, саноат мақсадлари учун мўлжалланган ерлар тоифасини ўзгартириш бўйича қарорлар фақат Ҳукумат комиссияси розилиги билан амалга оширилиши белгиланди.

ЎзА