Европа Иттифоқи минтақадаги электромобиллар учун инфратузилмани яхшилашга қаратилган янги қонунларни қабул қилди. Ушбу қонунларнинг асосий қоидаларидан бири – тезюрар автомагистралларда мунтазам вақт оралиғида тез зарядлаш станцияларини ўрнатиш талаби ҳисобланади.
2025 йилдан бошлаб тез зарядлаш станциялари Транс-Европа транспорт тармоғининг ҳар 60 километрида жойлаштирилиши керак бўлади. Бу электромобиль эгаларини қанча йўл юриши мумкинлиги ҳақидаги ҳавотирлардан ҳалос бўлишга ёрдам беради, айни пайтда электр транспортининг оммабоп ва ҳамёнбоп бўлишига таъсир кўрсатади.
Янги қонунлар тез зарядлаш станцияларининг хусусиятларини ҳам белгилаб беради: улар камида 150 кВт/соат қувватига эга бўлиши керак.
Бундан ташқари, 2026 йилга келиб Европада қуввати 400 кВт/соатдан кам бўлмаган зарядлаш қурилмалари минтақанинг асосий йўналишларига жойлаштирилиши керак бўладиган қонун кучга киради. Бу электромобилнинг қувват олишини тезлаштиради ва узоқ масофага саёҳат қилишини осонлаштиради.
Европалик амалдорлар мазкур чора-тадбирлар европаликларни токда юрувчи автотранспорт воситаларини харид қилишларига ундашига ишончи комил, чунки, электромобиллардан кенг фойдаланишда зарядлаш станцияларининг йўқлиги асосий тўсиқлардан бири бўлиб қолаётган эди.
Шубҳасиз, янги қонунлар электромобиль саноати учун яхши тенденция ҳисобланади, лекин молиялаштириш билан боғлиқ асосий масала – тез зарядлаш станцияларини ўрнатиш катта маблағни талаб этади. Лойиҳанинг амалга ошишида кўплаб манфаатдор томонлар, шунингдек, ҳукуматнинг иштироки жуда зарурдир. Бундан ташқари, зарядлаш станцияларининг функционал мослигини таъминлаш ва зарядка протоколларини стандартлаштириш учун зарядлаш станциялари операторлари ва энергия таъминотчилари ўртасида ҳамкорликни йўлга қўйиш лозим бўлади. Европа Иттифоқи томонидан ягона стандартларни ўрнатиш турли маркадаги электромобилларни бир хил зарядлаш станцияларида қувватлантириш имконини беради.
Электромобиллар учун инфратузилмани ривожлантиришни эндигина бошлаган аксарият мамлакатлар Европа тажрибаси билан танишиб чиқишларига тўғри келади. Бироқ, ҳар қандай давлатда ҳам бундай лойиҳани амалга ошириш учун маблағ ва ресурслар етарли эмас. Эҳтимол, уларнинг бу пойгада иштирок этишлари шарт эмасдир, балки электр транспорт воситалари самарадорлигини оширишга имкон берувчи янги технологияларни ҳозирча кутганлари маъқулдир. Шуни ҳам ёддан чиқармаслик керакки, зарядлаш станциялари тармоғи энергетика соҳасига катта юклама тушишига сабаб бўлади.
Роман БОНДАРЧУК тайёрлади, ЎзА.