“Еuronews” хабар тарқатишича, Италиянинг шимоли-шарқида шу ҳафта кузатилган иссиқ ҳарорат ўз ўрнини йирик дўл аралаш довулга топширди. Ноқулай об-ҳаво Венето вилоятида айниқса кучли сезилиб, 100 дан зиёд киши жароҳат олди. Дўл аралаш ёғингарчилик олий навли вино етиштириладиган узумзорларга жиддий зиён келтирган.
Хорватия ва Словения ҳам бўронли об-ҳаво таъсири остида қолиб, ўндан ортиқ одам жабрлангани аниқланди.
Грецияда эса жазирама доми чекинмаяпти. Афина яқинида ўт ўчирувчилар +40 даражада табиий ёнғинга қарши курашмоқда. Олов ўчоғини сўндириш учун самолёт, вертолётлар жалб қилинган.
Таъкидланишича, ҳафта сўнгида Юнонистонда ҳарорат Цельсий бўйича +45 даражага чиқиши мумкин. Мамлакат Маданият вазирлиги барча қадимий, диққатга сазовор объектлар, жумладан, Афинадаги Акрополни 23 июлгача туристлар учун ёпиб қўйди. Родос оролида пайшанба куни фавқулодда вазият эълон қилинди, тоғли ҳудудларда одамлар хавфсиз жойга кўчириляпти.
Иссиқ бошқа қитъаларда ҳам кучаймоқда. АҚШда ҳаво ҳарорати йилнинг шу даврига хос бўлмаган тарзда қизиди. Қатор штатларда юқори хавф эълон қилинган. Лас-Вегасда кун Цельсий бўйича 47 даражага қизиши кутиляпти.