Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 24 декабрдаги қарорига мувофиқ Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетига молиявий мустақиллик берилган.

2023/2024 ўқув йилида университет бўйича 4 минг 794 та, жумладан, бакалавриат бўйича 4 минг 395, магистратурага 399 та қабул парамертлари тасдиқланди. Шу жумладан, бакалавриатининг кундузги таълим шакли бўйича жами 2 минг 945 та, жумладан, давлат гранти асосида 915 та, тўлов-контракт асосида 2 минг 30 та, сиртқи таълим шакли бўйича жами 100 та абитуриент қабул қилиниши белгиланди.

Меҳнат бозоридаги эҳтиёжлардан келиб чиқиб, 2023/2024 ўқув йилидан бошлаб университетда янги бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликлари очилди.

Хусусан, бакалавриат, кундузги таълим шакли бўйича Филология ва тилларни ўқитиш – турк тили, Таржима назарияси ва амалиёти, Социология, Халқаро муносабатлар, магистратура бўйича лингвистика, араб тили, қиёсий тилшунослик, лингвистик таржимашунослик, итальян тили каби йўналиш ва мутахассисликлар очилди.

Шунингдек, ЎзДЖТУда касбий (ижодий) имтиҳон топшириладиган “Халқаро журналистика”, “Ахборот хизмати ва жамоатчилик билан алоқалар” таълим йўналишларида қабул давом этмоқда. Эссе ва суҳбат асосида ижодий имтиҳонлар ўтказилади.

Шу кунга қадар бир нафар кўзи ожизлар тоифасига кирувчи абитуриент, 7 нафар хорижий фуқаро ҳужжат тақдим этди.

– Бу йилдан бошлаб энг катта янгилик – Ҳукумат томонидан фақат давлат гранти тасдиқлаб берилди. Қолгани университетнинг Кузатув кенгаши ижросида кўриб чиқилиб, тавсия этилади. Ҳозирда абитуриентлар қабул бўйича ўзларини қизиқтирган саволларига Call-марказ орқали жавоб олишлари мумкин, – деди ЎзДЖТУ Медиа ва коммуникация факультети декани Амрилло Каримов.

 

Насиба Элибекова,  

ЎзА