Амалдаги қонунчиликда белгиланган психотроп дори воситаларини божхона чегаралари орқали олиб ўтиш талабларига риоя қилмаслик жавобгарликка тортилади.

Сарҳадларда сергак божхоначилар томонидан инсон онгини заҳарлаб, унинг саломатлигига жиддий путур етказувчи, жамият келажагига болта урувчи психотроп дори воситаларининг ноқонуний тарзда мамлакатимиз ҳудудига олиб кирилишига чек қўйилмоқда.

Хусусан, Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси “Довуд-ота” чегара божхона пости орқали Қозоғистон Республикасидан “Ford tranzit” русумли автотранспорт воситасида кириб келган фуқаро С.Ш тиббиёт муассасасининг тегишли рухсат берувчи ҳужжатларига эга бўлмаган, йўловчи божхона декларациясида ёзиб кўрсатилмаган, ҳар бири 25 мг.дан бўлган 100 дона жами 2500 мг. “Баклосан” номли психотроп дори воситасини яширин тарзда олиб келаётганлиги ҳолати фош этилди.

Худди шундай яна бир ҳолатда “Довуд-ота” чегара божхона постига кириб келган “Lada Largus” русумли автотранспорт воситаси божхона назоратидан ўтказилганда, божхона ходимининг оғзаки сўровида айтилмаган ва йўловчи божхона декларациясида ёзиб кўрсатилмаган, ҳар бири 10 мг.дан бўлган 50 дона “Баклосан” номли психотроп дори воситасини ноқонуний тарзда мамлакатимиз ҳудудига олиб кирмоқчи бўлганлар аниқланди.

Мазкур ҳолатлар юзасидан божхона органлари томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Довуд АБИБУЛЛАЕВ, ЎзА