Грузия ҳар доим НАТОга қўшилишга интилиши ҳақида баёнот берганда таҳдидларга дуч келади, деди ҳукуматни бошқараётган “Грузия орзуси” партияси раҳбари Ираклий Кобахидзе мамлакатнинг биринчи телеканалига интервью бераркан.
“Грузия мунтазам таҳдид остида, ҳақиқатан, шундай. Биз НАТОга интилишимизни маълум қилар эканмиз ва ҳали алъянсга аъзо бўлмас эканмиз, биз учун доимий хавф сақланиб қолади. Бинобарин, ушбу вазият қанча вақтга чўзилса, хавф ҳам шунчалик чўзилаверади”, – деди Кобахидзе.
Унинг таъкидлашича, агар НАТО Украина билан Грузияни вақтида таркибига қабул қилганда эди, ҳарбий ҳаракат ва минтақадаги ҳозирги вазият юзага келмаган бўларди.
Сешанба куни Вильнюсда НАТО саммитининг якуний баёноти эълон қилинди. Ҳужжатда НАТО мамлакатлари Грузиянинг альянсга қўшилиш ҳуқуқини тасдиқлаган. Фақат барча шартлар, жумладан, аъзо бўлиш бўйича ҳаракатлар режаси бажарилгандан кейин ҳарбий блокка қўшилиш мумкинлиги таъкидланган.