Шахматнинг рапид йўналиши бўйича давом этаётган нуфузли «Aimchess Rapid» онлайн турнири ўзининг ҳал қилувчи палласига яқинлашмоқда.

Кеча мусобақада ярим финал учрашувлари бўлиб ўтди. Ҳамюртимиз Нодирбек Абдусатторов финал остонасида АҚШ шарафини ҳимоя қилаётган Левон Аронянга қарши дона сурди. Шиддатли ўтган ўйинда Нодирбек 2,5:0,5 ҳисобида рақибини мағлубиятга учратди.

Иккинчи ярим финалда жаҳон чемпиони Магнус Карлсен америкалик Фабиано Каруанани 2,5:1,5 ҳисобида доғда қолдирди. Бу эса «Aimchess Rapid» онлайн турнири 1 дивизион финалида Нодирбек Абдусатторов ва Магнус Карлсен рўбарў келишига олиб келмоқда.

Эслатиб ўтамиз, онлайн турнир 1 дивизионидаги тўртинчи босқич ўйинлари 14 июлга қадар давом этади. Ушбу босқичнинг мукофот жамғармаси 235 минг АҚШ долларидан иборат бўлиб, 1 дивизионда ғолибликка эришган шахматчи 30 минг, 2-ўрин соҳиби 20 минг АҚШ доллари миқдоридаги мукофотга эга бўлади.

 

Т.Рўзиев,  

ЎзА