Испаниянинг Евроосиёни ўрганиш маркази раҳбари, “Diario Arbat” электрон нашри муҳаррири, Ўзбекистон-Испания алоқаларини ривожлантириш уюшмаси раиси Фернандо Мануэль Морагон мамлакатимизда кўп бўлган.
– Ҳар сафар гўзал мамлакатингизга келганимда янгидан уни кашф этаман. Бунёдкорлик тўхтамаётгани, юртингиз йилдан йилга обод бўлиб бораётганига гувоҳ бўламан, деди испаниялик меҳмон.
Фернандо Мануэль Морагон бу сафар юртимизга Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловларида кузатувчи бўлиб келган.
– Кеча бир неча сайлов участкаларида бўлдим, уларнинг фаолияти юқори даражада ташкил этилгани ва сайловчиларнинг фаоллигини кўриб қувондим. Ҳар участкада байрам кайфияти ҳукмрон эди. Сайловчилар кичик ёшдаги фарзандлари билан овоз беришда иштирок этишди. Мурғак қалбларга фуқаролик бурчи сингдирилаётгани алоҳида таҳсин лойиқ, деб қайд этди халқаро кузатувчи.
Учрашув давомида ЎзА билан “Diario Arbat” электрон нашри ўртасида ахборот алмашишни йўлга қўйиш масалалари муҳокама қилинди.
ЎзА