Италиянинг Ауронцо-ди-Кадоре шаҳрида байдарка ва каноэда эшкак эшиш бўйича ўсмирлар ва 23 ёшгача бўлганлар ўртасида ўтказилган жаҳон чемпионати ўз якунига етди.

65 та давлатнинг 938 нафар спортчиси иштирок этган жаҳон чемпионатида Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари 2 та кумуш, 4 та бронза медалига сазовор бўлди.

Дастлаб Владлен Денисов Хонзода Эркинова жуфтлиги 500 метрга кечган 23 ёшли каноэчилар ўртасидаги микст дастурида иккинчи ўринни қўлга киритди. Ушбу дастурда 1-ўринни молдовалик спортчилар банд этган бўлса, 3-ўринни Испания вакиллари эгаллади.

Терма жамоамиз аъзоси Владлен Денисов 5000 метрга кечган яккалик пойгада ҳам маррага иккинчи бўлиб етиб келди. Ғолиблик шоҳсупасига испаниялик Хайме Дуро кўтарилди. Бронза медали болгариялик Преслав Георгиевга насиб этди.

Шунингдек, мамлакатимиз спортчиларидан Шаҳризода Мавлонова, Арина Тўхтамишева, Миржалол Камилов, Камронбек Ахтамов, Шоҳсанам Шерзодова каби спортчи ёшларимиз ўз йўналишларидаги мусобақаларда омадли иштирок этди.

Умумжамоа жойлашувида энг кўп совринли ўринлар соҳибига айланган Венгрия, Германия, Италия жамоалари кучли учликни ташкил этган бўлса, Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари 4 та кумуш ҳамда 2 та бронза медали билан 65 та терма жамоа орасида 16-поғонани эгаллади.

 

Т.Рўзиев,

ЎзА