Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин билан телефон орқали мулоқот қилди.

Россия етакчиси давлатимиз раҳбарини сайловда қозонилган ишончли ғалаба билан дилдан қутлади.

Алоҳида таъкидланганидек, овоз бериш натижалари Ўзбекистонда мамлакатни янада жадал ривожлантириш, унинг халқаро нуфузини мустаҳкамлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш йўлида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар сиёсати халқ томонидан кенг қўллаб-қувватланаётганини яна бир бор кўрсатди.

Суҳбат чоғида икки томонлама муносабатларнинг долзарб масалалари кўриб чиқилди.

Етакчилар ўзаро манфаатли савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш, товар айирбошлаш суръатини давом эттириш ва саноат кооперацияси лойиҳаларини илгари суриш масалаларига алоҳида тўхталдилар.

Давлат раҳбарлари ишбилармонлар ва ҳудудлар даражасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш, фаол гуманитар алмашинувни давом эттириш муҳимлигини кўрсатиб ўтдилар.

Минтақавий кун тартибидаги долзарб масалалар юзасидан ҳам фикр алмашилди.