Айни пайтда Марказий сайлов комиссияси Матбуот марказида Марказий сайлов комиссияси Раиси З.Низомхўжаев иштирокида Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловининг дастлабки натижаларига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтмоқда.

Унда Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови халқаро ва миллий сайлов мезонлари асосида, кўтаринки руҳда ўтказилгани қайд этилди. Шунингдек, мамлакатимиз тарихида илк маротаба муддатидан илгари ташкил этилган сайловда фуқаролар фаол иштирок этгани, сайлов янгиланган Конституция нормалари асосида ўтказилгани қайд этилди.

Матбуот анжуманида сиёсий тадбирни 15 та халқаро ташкилот, 47 та хорижий давлатдан ташриф буюрган жами саккиз юз нафарга яқин халқаро кузатувчи бевосита кузатиб боргани, шунингдек, сайловни жами 1 минг 400 нафар маҳаллий ва хорижий оммавий ахборот воситалари вакиллари ёритиб боргани таъкидланди.

Қайд этилганидек, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида жами сайловчиларнинг 15 миллион 651 минг 405 нафари ёки 79,88  фоизи овоз беришда иштирок этди.

Дастлабки натижаларга кўра, Халқ демократик партиясидан номзод Улуғбек Иноятов 629 минг 119 та ёки 4,02 фоизи, “Адолат” СДПдан номзод Робахон Маҳмудова 693 минг 634 та ёки 4,43 фоиз, ЎзЛиДеПдан номзод Шавкат Мирзиёев 13 миллион 625 мингдан ортиқ ёки 87,05 фоиз, Ўзбекистон Экологик партиясидан номзод Абдушукур Ҳамзаев 3,74 фоиз овоз тўплади.

Матбуот анжумани давом этмоқда.

 

Муҳтарама Комилова,  

ЎзА