9 июль куни Халқ демократик партиясидан номзод Улуғбек Иноятов, Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан номзод Шавкат Мирзиёев, “Адолат” социал-демократик партиясидан номзод Робахон Маҳмудова, Ўзбекистон Экологик партиясидан номзод Абдушукур Ҳамзаев Президент сайловида овоз берди.
* * *
Ўзбекистон Республикаси Халқ демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Улуғбек Иноятов пойтахтимизнинг Шайхонтоҳур туманидаги 427-сайлов участкасида овоз берди.
Президент сайлови доимо демократик давлатлар тараққиёти ва фуқароларнинг сиёсий ҳуқуқлари тизимида муҳим институт сифатида марказий ўринни эгаллаб келган. Зеро, ҳар қандай демократик жамият ўзагини эркин ва адолатли сайловлар ташкил этади.
Шиддат билан ривожланиб бораётган мамлакатимиз тараққиётида фуқароларимиз қонунда белгиланган сайлаш ҳуқуқидан фойдаланиб, ўзларининг сиёсий фаолликларини намоён этди.
Бўлиб ўтган Президент сайловида сиёсий партиялар томонидан ҳар қачонгидан ҳам жиддий тайёргарлик кўрилгани овоз бериш жараёнида аҳолининг кўтаринки руҳ билан иштирок этганлигида яққол сезилди.
Сайлов жараёни тўлиқ халқаро ҳуқуқ нормаларига мос, ошкоралик, кўп партиявийлик, эркинлик, тенглик тамойилларига мувофиқ ўтди. Бунда сайлов тизимига оид қонунчиликда фуқароларнинг сайловолди кампаниясида ва овоз беришда эркин қатнашиши, овоз бериш яширинлиги, буни ҳар бир фуқаронинг ўзи бевосита амалга ошириши белгилаб қўйилгани алоҳида аҳамият касб этди.
Ҳамюртларимиз Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида фаол қатнашди. Бу эса уларнинг Ватан тақдири, юрт келажаги, фарзандларимизнинг эртанги кунига масъулиятни астойдил ҳис этаётганидан дарак беради.
* * *
Ўзбекистон Республикаси Президенти, Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан Президентликка номзод Шавкат Мирзиёев 9 июль куни оила аъзолари билан бирга Тошкент шаҳридаги 59-сайлов участкасига ташриф буюриб, сайловда овоз берди.
Маълумки, жорий йил 30 апрелда бўлиб ўтган референдум натижаларига кўра, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси янги таҳрирда қабул қилинди. Унда ҳуқуқий, дунёвий ва ижтимоий тамойиллар янада мустаҳкамланиб, давлатнинг бу борадаги мажбуриятлари ошди. Янгиланган Конституция давлат ҳокимияти олдига янги сиёсий, ижтимоий-иқтисодий вазифаларни қўйди.
Шу боис давлатимиз раҳбари Конституциянинг 128-моддасига мувофиқ, муддатидан илгари Президент сайлови ўтказиш ҳақида халқимизга мурожаат қилди. Бу ташаббус Олий Мажлис палаталари, сиёсий партиялар ҳамда жамоатчилик фаоллари томонидан қўллаб-қувватланди.
Марказий сайлов комиссияси 4 та сиёсий партиядан номзодларни рўйхатга олди. 14 та сайлов округи ва 10 минг 784 та сайлов участкаси тузилди. Сайловда иштирок этган барча номзодларга тенг ва эркин шароитлар яратилди.
Президент сайлови мамлакатимизнинг бугуни ва келажаги, халқимиз фаровонлигига таъсир этувчи муҳим сиёсий воқеадир. Фуқаролар буни чуқур ҳис этиб, сайловда фаол иштирок этди.
Бу жараённи 47 та давлат ва 15 нуфузли халқаро ташкилотдан жами 797 нафар халқаро кузатувчи бевосита кузатиб борди, оммавий ахборот воситалари кенг ёритди.
* * *
Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясидан Президентликка номзод Робахон Маҳмудова Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек туманидаги 21-сайлов участкасига оилавий ташриф буюрди. Сайловлар жараёнида иштирок этиб, овоз берди.
Юртимизда демократик тамойиллар асосида ижтимоий-иқтисодий муносабатларни қонунчилик йўли билан мувофиқлаштириш, аҳолининг турмуш сифати ва даражасини янада оширишга қаратилган ислоҳотлар ўз самарасини бермоқда.
Куни кеча бўлиб ўтган муҳим сиёсий тадбир – Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида ҳам мамлакатимиз фуқаролари яна бир тарихий воқеликнинг бевосита иштирокчиси ва гувоҳи бўлдилар.
Чунки, сайловлар кучли фуқаролик жамиятига асосланган демократик ҳуқуқий давлатнинг ажралмас белгиси бўлиб, халқнинг ўз хоҳиш-иродасини эркин ифодалаши, жамият ва давлат бошқарувида фуқаролар иштирокининг асосий шаклидир.
Таъкидланганидек, бу галги сайловда кучли фуқаролик жамиятига асосланган демократик ҳуқуқий давлатда очиқлик, шаффофлик тамойили таъминланаётгани очиқ намоён бўлди.
Юртимиз келажаги, унинг янада тараққий топиши сайловларнинг энг юксак демократик талаблар ва умумэътироф этилган халқаро стандартларга мос, Бош қомусимизда мустаҳкамланган қоидалар асосида ўтишига, сайловчиларнинг фаоллиги ва улар қабул қиладиган қарорга боғлиқ.
* * *
Ўзбекистон Экологик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Абдушукур Ҳамзаев Тошкент шаҳридаги 583-сайлов участкасида овоз берди.
Дарҳақиқат, сўнгги йилларда мамлакатимизда яшил иқтисодиётни ривожлантириш, экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, иқлим ўзгаришининг олдини олиш борасида тизимли ишлар амалга оширилди.
Негаки, халқимиз ва келажак авлод учун муносиб турмуш шароитлари яратиш ҳамда фаровон жамият барпо этишда, энг аввало, барқарор экологик муҳит яратилишининг ўз ўрни бор.
Мамлакатимизда аҳолининг турмуш сифати ва даражасини янада оширишга қаратилган ислоҳотлар бугун ўз самарасини бериб келмоқда.
Президент сайлови сайловлар давомида тўпланган миллий тажриба, илғор хорижий амалиёт, шунингдек, халқаро стандартлар асосида шакллантирилган Сайлов кодекси асосида бўлиб ўтди. Мазкур Сайлов кодексида Президент сайловининг ўзига хос хусусиятлари билан бирга, сиёсий партиялар ва уларнинг номзодлари томонидан олиб борилаётган ташвиқот турлари, шакллари ҳамда усуллари аниқ белгилаб қўйилди.
Энг муҳими, халқимизнинг мазкур сиёсий жараён – Президент сайловида фаоллиги сезилди. Бу жараённинг адолатли ва шаффоф ўтишига муносиб ҳисса қўшди.
ЎзА