Ўзбекистонга сайловни кузатиш учун келган халқаро кузатувчи, Корея Ханкук чет тиллари университетининг Марказий Осиё халқлари тиллари кафедраси мудири, профессор Еон Ли Си (Жанубий Корея) билан суҳбатлашдик.

– Сайлов жараёнларини эрталабдан кузатиб бормоқдаман. Сайлов бошланганидан икки соат ўтгандан кейин сўраганимда айрим участкаларда 20 фоиз аҳоли овоз берган экан. Бу аҳолининг фаоллигини билдиради. Ҳақиқатан, сайлов участкаларида одамлар гавжум.

– Ўзбекистондаги сайловларни аввал ҳам кузатганмисиз?  

– Ҳа, илгари ҳам сайлов бўлганида кузатувчи сифатида иштирок этганман. Ўшанда ҳам аҳолининг фаоллиги эътиборимни тортган. Жанубий Кореяда ҳам одамлар сайловга бефарқ эмас. Лекин улар унчалик ҳам фаол эмас. Одамлар гавжум бўлиб, навбат кутиб овоз бераётанини бизда учратиш қийин. Кўпинча аҳолининг 60 фоизга яқини сайловда қатнашади. Ўзбекистонда бу кўрсаткич доим 80 фоиздан кўпроқни ташкил қилиб келганига гувоҳ бўлганман.

– Ўзбек тилини яхши билар экансиз, Кореяда ўзбек тилида дарс ҳам берасиз. Корея халқида ўзбек тилига қизиқиш қандай?  

– Ўзбекистонда таълим олиб, илмий ишимни шу ерда ҳимоя қилдим. Шунинг учун ҳам бу тилни яхши ўзлаштирдим. Ҳозирги кунда бизда ўзбек тилига қизиқиш жуда катта. Ёшлар қизиқиш билан, қунт билан тил ўрганмоқда. Уларнинг орзуси Ўзбекистонни кўриш, халқ билан ўз тилида мулоқот қилиш.

– Бу йўналишда қандай режаларингиз бор?  

– Яқинда ўзбек тилини ўргатиш бўйича қўлланмани нашрдан чиқардик. Бу йўналишдаги ишларимни янада ривожлантириш учун Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети билан ҳамкорлик қилмоқчимиз.

Норгул Абдураимова, ЎзА