Мамлакатимизда Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови қизғин давом этмоқда.
Айни пайтда Марказий сайлов комиссияси Матбуот марказида Марказий сайлов комиссияси раиси ўринбосари Б.Қўчқоров иштирокида брифинг бўлиб ўтди. Унда раис ўринбосари овоз бериш жараёнида иштирок этган сайловчилар сони ҳақида маълумот берди.
— Бугун эрталаб соат 8:00 да мамлакатимизда ташкил этилган 10 минг 784 та сайлов участкасида Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида овоз бериш бошланиб, қизғин давом этмоқда. Шунингдек, 39 та хорижий давлатдаги ваколатхоналар ҳузурида тузилган 56 та сайлов участкасида ҳам овоз бериш жараёнлари ташкил этилмоқда.
11:00 га қадар республикамиздаги жами сайловчиларнинг 6 миллион 463 минг 874 нафари ёки 33,54 фоизи овоз беришда иштирок этди.
Муҳтарама Комилова, Ойбек Пардаев (сурат), ЎзА