Вазирлар Маҳкамаси “20 минг тадбиркор – 500 минг малакали мутахассис” дастурини амалга ошириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида” қарор қабул қилди.

Унга мувофиқ, “20 минг тадбиркор – 500 минг малакали мутахассис” дастури амалга оширилади.

Дастурда янги иш ўринлари яратишни режалаштирган тадбиркорлик субъектларининг ҳамкорлик шартномалари асосида ихтиёрий равишда иштирок этиши;

ҳамкорлик шартномалари лойиҳалари Адлия вазирлиги ва унинг ҳудудий бўлинмалари томонидан ҳуқуқий экспертизадан ўтказилиши;

Савдо-саноат палатаси ҳамкорлик шартномалари тузган тадбиркорлик субъектларига Дастурда иштирок этаётганлигини тасдиқловчи сертификат бериши ва уларга ҳамкорлик шартномалари тўлиқ бажарилиши юзасидан ҳар томонлама кўмаклашиши;

Дастурга киритилган тадбиркорлик субъектларига табақалашган миқдорларда имтиёз ва преференциялар бериш, шунингдек, 2023-2024 йилларда Дастурни амалга ошириш учун жами 1 миллиард АҚШ доллари миқдорида кредит линиясини очиш белгилаб берилган.

Дастурни амалга ошириш бўйича республика комиссияси ташкил этилади.

Ушбу қарор билан “20 минг тадбиркор – 500 минг малакали мутахассис” дастурини амалга ошириш тартиби тўғрисидаги низом;

“20 минг тадбиркор – 500 минг малакали мутахассис” дастури доирасида тадбиркорлик субъектларига солиқ ва божхона имтиёзлари ҳамда преференцияларни қўллаш тартиби тўғрисидаги низом;

Амалий мономарказлар фаолиятини ташкил этиш, уларни қуриш ва жиҳозлаш харажатларини қоплаш тартиби тўғрисидаги низом ҳам тасдикланди.

Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси томонидан Дастурни амалга ошириш бўйича барча жараёнларни рақамлаштириш – “Ҳамкор тадбиркор” ахборот тизими ишлаб чиқилади.

Тадбиркорлик субъектлари Дастурда иштирок этиш учун “Ҳамкор тадбиркор” ахборот тизими, “Онлайн маҳалла” электрон платформаси ёки солиқ тўловчиларнинг шахсий кабинети орқали мурожаат қилиши мумкин бўлади. Дастурга киритилган тадбиркорлик субъектлари лойиҳаларини 2023 йилда молиялаштириш учун Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси тижорат банкларига 100 миллион АҚШ доллари эквивалентида кредит линияси очилади. Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастури бўйича 2023 йил якунига қадар 1 триллион сўм йўналтирилади. Шунингдек, халқаро молия ташкилотларидан 200 миллион АҚШ доллари миқдорида кредитлар жалб қилинади.

ЎзА