Нукус гарнизонидаги 1-сонли ёпиқ ҳарбий шаҳарча ҳудудида жойлашган 62-сайлов участкасида ҳам Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови кўтаринкилик билан бошланди.

Бу ҳақда Шимоли-ғарбий ҳарбий округ матбуот хизмати хабар берди.

Шимоли-ғарбий ҳарбий округ қўшинлари қўмондонлиги ҳамда ҳарбий хизматчилар оила аъзолари билан бирга эрта тонгдан овоз бериш учун йиғилишди. Соат 8.00да гарнизон ҳарбий оркестри томонидан Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон республикалари давлат мадҳиялари куйланиб, сайлов участкаси ўз ишини бошлади.

Мазкур сайлов участкасида сайлаш ҳуқуқига эга бўлган 1435 нафар фуқаро рўйхатдан ўтиб, улардан 301 нафари муддатидан олдин овоз бериш ҳуқуқидан фойдаланди.

Таъкидлаш жоизки, сайлов участкаси сайлов қонунчилиги асосида барча моддий-техник жиҳозлар ҳамда ахборот-коммуникация воситалари билан жиҳозланган.

Овоз бериш жараёнлари давом этмоқда.  

ЎзА