Кейинги йилларда энергетика соҳасида амалга оширилган ислоҳотлар ўзининг амалий натижаларини бермоқда. Айниқса, бунда “Электр энергиясини ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизими”нинг (АСКУЭ) татбиқ этилиши таъминотчи ташкилотлар ва истеъмолчилар учун катта қулайлик яратди.
Президентимизнинг тегишли қарори асосида жорий этилган АСКУЭ дастурий таъминот туфайли энергия ресурсларидан оқилона ва мақсадли фойдаланиш имконияти вужудга келди. Электр энергияси истеъмолининг ишончли ҳисоб-китоб механизми шакллантирилди.
Бугун “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖнинг “Электр энергия сотишни автоматлаштириш маркази” филиалида ўтказилган халқаро энергетика форумида ушбу тизим фаолияти хусусида сўз борди.
Жанубий Корея, Хитой ва Эрон Ислом Республикаси каби қатор хорижий давлатларнинг йирик компаниялари вакиллари, тизим ташкилотлари мутасаддилари, соҳа мутахассислари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этган тадбирда мамлакатимизда электр тармоқларидан фойдаланиш соҳасини ривожлантириш бўйича олиб борилаётган изчил ислоҳотлар ўзининг натижасини бераётгани таъкидланди.
“Электр энергия сотишни автоматлаштириш маркази” филиали етакчи мутахассиси Элёржон Келдиёров қайд этганидек, “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ, Жанубий Кореянинг «KT Corporation» компанияси ҳамда Осиё тараққиёт банки (ОТБ) ҳамкорлигида ишга туширилган “Электр энергия сотишни автоматлаштириш маркази” мамлакатимизда энергетика соҳасидаги ислоҳотларни янада жадаллаштириш, хусусан, электр энергия таъминотида инновацион технология ва ечимлардан фойдаланиш имконини кенгайтиргани билан муҳим аҳамият касб этади.
– Жамият томонидан “Электр энергиясини ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизими (АСКУЭ) жорий этилди. Мазкур дастурий таъминот туфайли электр энергияси истеъмолининг ишончли ҳисоб-китоб механизми шакллантирилиб, энергия манбасидан оқилона ва самарали фойдаланишга имкон яратилди. Шу билан бирга, мазкур тизим ишга туширилиши орқали истеъмолчилар ўртасида тўлов интизоми мустаҳкамланиб, фойдаланилган электр энергияси учун тўловларни исталган жойдан туриб банк мобил иловалари ёхуд мамлакатимизда мавжуд тўлов тизимлари (Click, Payme, Paynet) орқали ўз вақтида амалга ошириш имкони яратилди. Шунингдек, ушбу марказда республика, вилоят, туман (шаҳар) ва маҳаллалар кесимида электр энергияси истеъмолчиларининг маълумотлари сақланиши, шу билан бир қаторда, дастурий таъминот орқали электр энергиясининг соатлик, суткалик, ойлик ва йиллик балансларини шакллантириш, кўп тарифлик тизимида ҳисоб-китобларни амалга ошириш имконияти мавжуд. Бундан ташқари, қарздор истеъмолчиларни тўлиқ автоматик равишда ўчириш ва сарф қилинган электр энергияси учун тўлов амалга оширилгандан сўнг қайта ёқиш, масофадан туриб электр ҳисоблагичларни қайта дастурлаш каби вазифалар шу тизим орқали бошқарилади, –деди тақдимот жараёнида Э. Келдиёров.
Хитойнинг “KAIFA” компанияси маҳсулотларни бошқариш бўйича директори Менг Ванг томонлар ҳамкорлиги ва форум таассуротлари ҳақида интервью берди.
–Ўзбекистонда АСКУЭ тизимини татбиқ этишда иштирок этдим. Бугун ташкил этилган форумда иштирок этиш жараёнида ушбу тизимнинг фаолияти ҳақида тақдимотларни диққат билан тингладим. Шу билан бирга, ушбу филиалнинг бугунги фаолиятини яқинроқ танишиш мақсадида АСКУЭ тизимининг ишлаш жараёнини кузатдим. Бу бўйича ҳамкорлигимиз ниҳоясига етказилган. Бу тадбир доирасида биз яна ўзбек томони билан шартнома имзолашга муваффақ бўлдик. Унга кўра, мазкур тизимга техник хизмат кўрсатиш ва янги технологияларни татбиқ этиш бўйича ҳамкорлик қиламиз, –деди Менг Ванг.
Шунингдек, форумда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 27 мартдаги қарори ижроси доирасида “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ томонидан республикамизда паст кучланишли электр тармоқларини янгилаш ҳамда модернизация қилиш бўйича амалга оширилаётган ишларга ҳам тўхталиб ўтилди.
Насиба Зиёдуллаева, ЎзА