Бишкекда “Демократия йўлида оммавий ахборот воситалари эркинлиги ҳимояси” шиори остида ЕХҲТнинг 24-Марказий Осиё оммавий ахборот воситалари конференцияси бўлиб ўтмоқда.

ЕХҲТнинг Оммавий ахборот воситалари эркинлиги масалалари бўйича вакили бюроси томонидан ташкил этилган анжуманда Ўзбекистон вакиллари, жумладан, Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Инновацион ривожланиш, ахборот сиёсати ва ахборот технологиялари масалалари қўмитаси раиси И.Абдуллаев ҳам иштирок этмоқда. Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ахборот хизмати хабар берди.

Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон, Ўзбекистон, Мўғулистон ва Молдова давлатлари вакиллари икки кун давомида ўз миллий тажрибаларини алмашиб, оммавий ахборот воситалари эркинлиги ҳимояси, ёлғон ахборотга қарши курашиш ҳамда алгоритмлар ва сунъий интеллект даврида сўз эркинлиги каби долзарб масалаларни муҳокама қилади.

Дастлабки сессияда Ўзбекистон вакиллари томонидан мамлакатимиз ҳаётидаги энг муҳим сиёсий воқеалар – конституциявий ислоҳотлар, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар ҳақида батафсил маълумот берилди. Шунингдек, ҳукумат томонидан миллий ахборот соҳасини ривожлантириш, оммавий ахборот воситалари ва журналистлар фаолиятини қўллаб-қувватлашга қаратилган чора-тадбирлар юзасидан ҳам конференция иштирокчиларига ахборот тақдим этилди.

Конференцияда бир нечта параллел сессиялар давомида дезинформацияга қарши кураш, сўз эркинлиги, махфийлик, журналистик манбаларни ҳимоя қилиш ва рақамли хавфсизлик, журналистларни ҳимоя қилиш механизмлари ва воситалари, нафрат нутқи, Марказий Осиёда оммавий ахборот воситаларининг ўзини ўзи бошқариши, медиа ва рақамли саводхонлик ташаббуслари каби кенг кўламли долзарб масалалар ўрганилади.

Бундан ташқари, конференцияда журналистлар хавфсизлигининг ҳуқуқий жиҳатлари бўйича мунозаралар, сунъий интеллект бўйича мастер-класс, фильмлар намойиши ва интерактив семинар каби турли тадбирлар режалаштирилган.

Конференция якунлари бўйича жаҳон ва мамлакат ахборот маконини, сўз эркинлигини таъминлаш ва оммавий ахборот воситалари фаолиятини таъминлаш соҳасида қонунчилик базаси ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини янада такомиллаштириш бўйича тегишли тавсиялар рўйхатини ишлаб чиқиш кўзда тутилган.

 

М.Комилова,  

ЎзА