ФОТОРЕПОРТАЖ

Нукус шаҳридаги “Дарбент” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи бир  гуруҳ фаоллар ўтган йили ҳудудда фойдаланилмай турган 35 сотих ер майдонида яхши ният билан боғ яратиш ишларини бошлаган эдилар. Кўпчилик бир ёқадан бош чиқариб, ушбу ер майдонида тозалаш ишларини олиб борди ва 200 тупдан ортиқ мевали, манзарали дарахт кўчатларини ўтқазди. Кўчатларга вақтида сув берилди, парваришлаш ишларига масъулият билан ёндашилди. Натижада эса бир пайтлар бефайз ва қаровсиз ётган ер ўрнида сўлим боғ пайдо бўлди.

– Бу ерда олма, ўрик, шафтоли, нок, узум кўчатлари ва маҳаллий дарахтларнинг бир нечта турлари мавжуд, – дейди маҳалла нуронийларидан бири, боғбон Айтмурод Давлетов.  – Ҳар куни эрталабдан боққа ошиқаман. Дарахт кўчатлари орасига бодринг, помидор, сабзи, тарвуз ва қовун экканмиз. Ҳадемай бу мевали кўчатлар ҳосилга кирса, маҳалламиз боғи болалар билан тўлади. Бу боғ маҳалламиздаги аҳиллик, одамларимиздаги яратувчанлик ва меҳр-оқибатнинг бир меваси, десам янглишмайман.

 

Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ(сурат),ЎзА