Қуёш ва Ер сайёрасини ҳажм жиҳатдан худдики копток ва нўхатга қиёслаш мумкин. Тасаввур қилиш мушкул аммо коинотда шундай қудратли “астро-йиртқич”лар борки, улар нафақат Ер ёки Қуёшни, балки бутун галактикамизни ҳам бир нафасда “ютиб” юборишга қодир. Халқ тилида “қора туйнук” деб аталадиган бу “йиртқич” қандай пайдо бўлган? Телескопларга қараб уни кўриш мумкинми?

XX асрда фазовий жисмлар ва коинотдаги ҳодисаларга доир кўплаб кашфиётлар қилинди. Улардан бири қора туйнукларнинг аниқланишидир. Тасаввур қилинг: ўзининг бутун энергетик зарядини сарфлаб бўлган юлдуз ўз-ўзининг ичига қараб торая бошлайди. Сиқилиш натижасида юлдузнинг ўрнида зичлиги чексиз юқори бўлган, массаси эса нолга яқин қудратли гравитацион майдон ҳосил бўлади. Мана шу майдон астрономияда “қора туйнук” деб аталади. Олимлар қора туйнукларнинг 3 та хусусиятини алоҳида таъкидлашади:  

–  улар кўринмайди;  

–  улар улкан тортишиш майдонига эга бўлгани сабабли атрофидаги ҳамма нарсани ўз домига тортиб, атрофини “супуриб” тозалайди;  

–  улар доимий ҳаракатда.  

Улкан массага эга бўлган юлдузлар коинотда тортишиш майдонларини ҳосил қилади. Бу объектларнинг ўзига хослиги шундаки, улар ичида физиканинг барча қонунлари амал қилишдан тўхтайди, вақт тўхтаб қолади, исталган материя ва нур изсиз йўқолади.

1915 йилда Альберт Эйнштейн янги физик назария — умумий нисбийлик назариясини таклиф қилди. У бутун олам тортишиш (гравитация) ҳодисасини фазо-вақтнинг эгрилиги билан изоҳлади. Эйнштейн ўз назариясининг далилларидан бири сифатида Ньютон назарияси доирасида тушунтиришнинг иложи бўлмаган Меркурий орбитасининг айланиши бўйича ҳисоб-китобларини таклиф қилди. Кейинчалик Эйнштейн назарияси 1919 йилда тўлиқ қуёш тутилиши пайтида Қуёш яқинида ёруғлик нурларининг эгрилигини кузатиш орқали синовдан ўтказилди.

Аслида қоп-қора туйнукни ўраб турган “оловли ҳалқа” ақл бовар қилмайдиган даражада қизиган ва қора туйнук томонидан ютилаётган газнинг ҳосиласидир. Газ шу қадар нур таратганидан шу галактика жойлашган миллиардлаб юлдузларни тўсиб қўяди. Ҳодисалар уфқи ичидаги қора бўшлиқда бизга маълум физика қонунлари ишламай қолади. Бирор жисм модданинг гравитация майдонидан қутулиш учун у гравитация суръатидан тезроқ ҳаракатланиши керак. Акс ҳолда у бу майдондан қутулиб кета олмайди. Масалан, Ернинг тортишиш майдонини енгиб ўтиш учун космик кема сониясига 11,2 километр тезликда юқорига ҳаракатланиши лозим. Қора туйнукда эса жисмларнинг гравитация таъсиридан қочиш тезлиги ниҳоятда улкан бўлиши керак. Аммо ҳеч бир жисм бундай катта тезликка эриша олмайди. Ҳатто ёруғлик ҳам. Ваҳоланки, у сониясига 300 минг километр тезликда ҳаракатланади. Аммо қора туйнукнинг тортишиш майдонидаги тезлик ёруғлик тезлигиданда юқори бўлгани учун у ёруғликни ҳам “ютиб” юборади. Қора туйнук ёруғликни қайтармагани, балки “ютиб” юборгани учун кўринмайди, уни тасвирга олишнинг иложи ҳам йўқ.

Технологиялар қай даражада ривожланмасин, дунёда олам ва одам билимларига боғлиқ бўлмаган ғайриоддий ҳодисалар талайгина. Биз уларни ўрганиш давомида борган сари ҳайрат оламига шўнғиб бораверамиз.

Интернет материаллари асосида Ў.Алимов тайёрлади.

Видеомуҳандис Н.Абдувоитов,

ЎзА