Қарор ва ижро

Қорақалпоғистон Республикаси Мудофаа ишлари бошқармаси ҳузуридаги Чақирилувчиларни ҳарбий-техник мутахассисликлар бўйича тайёрлаш марказида жорий йил ҳисобидан биринчи маротаба битирув маросими бўлиб ўтди. Мазкур марказда белгиланган муддат таҳсил олган 40 нафар қорақалпоғистонлик ёшларга ҳарбий-техник мутахассислиги бўйича сертификатлар топширилди.

Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йилдаги “Ёшларни ватанпарварлик руҳида ва жисмоний тарбиялаш ҳамда чақирилувчиларни ҳарбий-техник мутахассисликлар бўйича тайёрлаш тартибини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси мудофаасига кўмаклашувчи «Ватанпарвар» ташкилотининг айрим таълим муассасалари ва автодромларни уларнинг асосий воситалари, ўқув ва моддий-техник базаси билан биргаликда оператив бошқариш ҳуқуқи асосида Мудофаа вазирлиги қабул қилиб олган эди.

Қорақалпоғистон Республикаси Мудофаа ишлари бошқармаси ҳузуридаги Чақирилувчиларни ҳарбий-техник мутахассисликлар бўйича тайёрлаш маркази ўз фаолиятини 2019 йилдан бошлаб, бугунги кунга қадар тўрт юз нафарга яқин тайёр мутахассисни Қуролли Кучлар сафига етказиб берди.

Марказ армия учун “В” ва “С” тоифасидаги енгил ва оғир ҳарбий автомобилларни бошқарадиган ҳайдовчилар, “Дизелчи-электрик” ва “Ошпазлар”ни етиштирибгина қолмай, ёшларни маънавий-ахлоқий ҳамда ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаб келади.

Бу ерда таълим олаётган курсантларннг озиқ-овқат, кийим-кечак ва маиший таъминоти давлат бюджети томонидан қопланади. Ҳар йили марказ 110 нафар қорақалпоғистонлик ёшларга таълим-тарбия бериб, касбга ўқитади ҳамда армия сафларига кетиш учун тайёрлаб беради. Ўқиш муддати уч ой. Унда аниқ, гуманитар-ижтимоий, техник ҳамда бошқа фанлар билан бир қаторда дастлабки ҳарбий тайёргарлик ҳам ўқитиб борилади. Демакки, бу ерни тамомлаган ёшлар ҳарбийча ҳаёт тарзига анча кўникиб, армия сафларига йўл олади.

Курсантларнинг сифатли таълим олиши ҳамда мутахассислик эгаллаши учун 10 дан ортиқ ўқув хонаси, пневматик милтиқдан ўқ отиш учун тир, техникаларни сақлаш бокслари, спорт зали, кутубхона, ётоқхона, ошхона ҳамда бошқа маиший иншоотлар мавжуд. Назарий билимларни амалиётда мустаҳкамлаш тизимининг самарали бўлишини таъминлаш учун марказда мавжуд лабораториялардаги ўқув-машқ техникаларидан кенг фойдаланилади. Таълим-тарбия жараёнига 8 нафар ўқитувчи ҳамда 4 нафар йўриқчи жалб этилган бўлиб, ёшлар билан ҳам жамоавий, ҳам индивидуал ишлаш тамойили асосида машғулотлар олиб борилмоқда.

Алоҳида айтиш лозимки, мазкур таълим муассасасини тамомлаган курсантлар биринчилар қаторида таълим олган мутахассислиги бўйича муддатли ҳарбий хизматга саралаб олинади.

Мунтазам ўтказилаётган мусобақа ва танловлар эса бўлинмаларда соғлом, рақобатбардош муҳитни таъминлаб, ёшларда етакчилик қобилияти шаклланишига ҳисса қўшмоқда.

Марказда таҳсил олиш учун номзодлар туман, шаҳар мудофаа ишлари бошқармасига мурожаат этиши ҳамда белгиланган саралаш босқичларидан ўтиши керак бўлади. Энг сара йигитлар ушбу таълим муассасаларига ўқишга қабул қилинади.

Битирув маросимида ҳарбий хизматчилар ҳамда битирувчиларнинг яқинлари иштирок этди.Маросимда ҳарбий хизматга қадар тайёрлов курсларини ўтаган ҳамда мутахассисликка эга бўлган ёшларга тегишли сертификатлар тантанали тарзда топширилди.Тадбир давомида намунали ҳулқи, ўқишда эришган ютуқлари билан алоҳида ажралган бир гуруҳ ёшлар Қорақалпоғистон Республикаси Мудофаа ишлари бошқармаси томонидан фахрий ёрлиқлар билан тақдирланди.

 

Абдуллажон УМАРАЛИЕВ,

Шимоли-ғарбий ҳарбий округ матбуот хизмати ходими,

кичик сержант.

ЎзА