Бугун, 27 июнь куни Қозоғистонда ўтган энг яхши журналистларни тақдирлаш маросимида Президент Қосим-Жомарт Тоқаев оммавий ахборот воситалари вакилларининг мамлакат тараққиётидаги ўрнига алоҳида тўхталди.
– Барчани бугунги оммавий ахборот воситалари ходимлари куни билан табриклайман, – деди давлат раҳбари. – Кўпчилигингизни яхши биламан, ижодингиздан бохабарман. Соҳага ёш мутахассислар кириб келиши яхши тенденция. Ишончим комилки, эркин, дадил, кенг фикрлайдиган, ўзига хос ёзиш услубига эга навқирон журналистлар бу касбни янги босқичга кўтаради.
“Казинформ” ахборот беришича, йиғилишда Қозоғистон Марказий Осиёда етакчи давлатлардан бирига айлангани, кўплаб соҳаларда жадал ривожланиш кузатилаётгани таъкидланган. “Фақат хотиржам бўлиш керак эмас”, мазмунида фикр билдирилган.
Президент мамлакат ОАВ учун халқаро миқёсда ҳам фаол бўлиш вақти келгани, бу вазифани бажариш учун янги медиа менежменти, хориждан ахборот тарқатувчи малакали журналистлар, янги технология ва юқори сифатли инфратузилма зарурлигини эътироф этди.
– Мамлакатнинг юксалиши фақат ҳукуматга боғлиқ эмас, тараққиётга ҳисса қўшиш ҳар бир фуқаронинг бурчи, – қўшимча қилди Тоқаев. – Бу оддий ҳақиқат. Журналистлар ва давлат раҳбарининг мақсади, манфаати муштарак, деб ўйлайман. Ҳар биримиз шу бурчни адо этиш йўлида садоқат билан меҳнат қилайлик!
Б.Худойбердиев, ЎзА