Хитой ва Европа Иттифоқи манфаатлари бир-бирига яқинлиги сабабли, ҳеч бир соҳада рақобатлашмайди. Бу фикрни Хитой Бош вазири Ли Цян Европа кенгаши раҳбари Шарль Мишель билан Парижда бўлиб ўтган учрашувда билдирди.
Ли Цяннинг “ХХР ва ЕИ ўртасида ҳеч қандай фундаментал манфаатлар тўқнашуви йўқ, ҳар икки томон бир-бирининг ривожланишидан фойда кўрди”, сўзларини “Синьхуа” иқтибос сифатида келтирган.
Мулозимнинг сўзларига кўра, Хитой ва ЕИ халқаро муносабатда стратегик автономия ва кўп томонлама тамойилларга амал қилади, иқлим ўзгариши каби глобал муаммолар бўйича кенг консенсусга эга.
Хитой ва ЕИ мустаҳкам ўзаро ишонч ва муваффақиятли ҳамкорлик орқали бир-бирининг хавотирини йўқотиши керак, деган яна Чин сиёсатчиси.
У Мишелга ХХР глобал ишлаб чиқариш ва таъминот захирасини кўпайтириши дунёга янги имконият, барқарорлик олиб келишини таъкидлади.
Бу Ли Цяннинг ХХР ҳукумат раҳбари сифатидаги илк хорижий сафари. Брюсселдан олдин у Германияга борган, ҳозир эса Францияда.