Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги дўстона муносабатлар маданий-маърифий жабҳаларда ҳам тобора мустаҳкамланиб бормоқда.
Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги маълумотига кўра, яқинда Туркиянинг Конья шаҳрида ташкил этилган «Минг нафас – бир овоз» XI Халқаро театрлар фестивалида Самарқанд вилояти мусиқали драма театри вакиллари ҳам муваффақиятли иштирок этди.
Театр жамоаси томонидан тақдим этилган «Кўчки» спектакли мухлисларда катта қизқиш уйғотди. Таниқли ўзбек режиссёри Валижон Умаров томонидан саҳналаштирилган мазкур спектаклни Туркия жамоатчилик вакиллари, маданият ва санъат намояндалари ва театр мухлислари мароқ билан томоша қилди.
Спектакль намойишидан сўнг сўзга чиққан театр соҳаси мутахассислари ўзбекистонлик санъаткорлар маҳоратига юқори баҳо берди.
Турк ёзувчиси, асар муаллифи Тунжар Жужан ўғли «Кўчки» воқеаларининг айнан шу ўлкада содир бўлганлиги ва Самарқанд театри ижодкорлари фестивалга келиб, спектаклни шу ерда ижро этгани унутилмас таассуротларга бой бўлганини эътироф этди.
Фестиваль ташкилий қўмитаси аъзолари томонидан халқаро анжуманда муваффақиятли иштироки учун Самарқанд театри жамоасига диплом ва статуэтка топширилди.