Конституциянинг 29-моддасига кўра, ҳар кимга малакали юридик ёрдам олиш ҳуқуқи кафолатланган. Қонунда назарда тутилган ҳолларда юридик ёрдам давлат ҳисобидан кўрсатилади.
Мазкур конституциявий нормалар “Давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш тўғрисида»ги янги қонун билан амалда таъминланади.
Адлия вазирлиги ушбу қонуннинг мазмун-моҳияти ва аҳамияти бўйича матбуот анжумани ўтказди.
Қонун билан давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиладиган ишлар рўйхатига фуқаролик, маъмурий ва маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни киритиш орқали фуқароларнинг бепул юридик ёрдам олиш имкониятлари кенгайтирилди.
Давлат ҳисобидан юридик ёрдам кам таъминланган шахсларга, хотин-қизлар ва эркакларнинг тенг ҳуқуқлилиги бузилган шахсларга ҳамда психиатрия ёрдами кўрсатилаётган шахсларга кўрсатилади.
Давлат ҳисобидан юридик ёрдам олиш истагини билдирган шахс “Юридик ёрдам” ахборот тизими орқали электрон шаклда ёки махсус ваколатли давлат органига оғзаки ёки ёзма шаклда мурожаат қилиши мумкин. Шунингдек, ишни кўриб чиқаётган ваколатли орган ёки мансабдор шахсга давлат ҳисобидан адвокат ажратилиши ҳақида илтимоснома бериши керак.
Қонунга асосан давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатадиган адвокатларни электрон танлаш имконияти яратилмоқда. Адвокатларни ишга жалб этиш инсон омилисиз “Юридик ёрдам” ахборот тизими орқали тасодифий танланади.
Давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатган адвокатлар ҳақидаги маълумотлар очиқ ва шаффоф ҳолда “Юридик ёрдам” ахборот тизимида эълон қилинади.
Бепул юридик ёрдам кўрсатиш имкониятларининг кенгайтирилиши ва шаффоф тизим яратилиши фуқароларга одил судловга эришиш даражасини оширади.
Н.Абдураимова, ЎзА