Абу Даби шаҳрида Бирлашган Араб Амирликлари ташқи ишлар вазири Абдуллоҳ бин Зоид Ол Наҳаён Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидовни қабул қилди. Бу ҳақда БАА ахборот агентлиги – WAM ёзди.
Мулоқот чоғида икки мамлакат ўртасидаги дўстона муносабат, ҳамкорликни турли соҳалар, жумладан иқтисодиёт, инвестиция, савдо-сотиқ бўйича ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.
– Кенгайтирилган кун тартиби шерикликни янада чуқурлаштириш, халқаро ташкилотлар доирасида изчил мулоқотни давом эттиришга қаратилган таклифларни қамраб олди, – деди Саидов.
Қайд этилишича, учрашувда Ўзбекистон ва БАА ташқи ишлар вазирликлари ўртасидаги ўзаро манфаатли мулоқотни мазмунан бойитиш чоралари ҳам белгилаб олинди.
Муҳаррама Пирматова, ЎзА