Ўзбекистон Бадиий академияси Марказий кўргазмалар залида «Санъат ва бадиий таълимнинг замонавий жамиятни модернизациялашдаги ўрни» мавзуида илмий-амалий конференция ўтказилди.
Ўзбекистон Бадиий академияси раиси А.Нуриддинов, Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти ректори Ҳ.Аминов ва бошқалар мамлакатимизда бадиий таълимни янада равнақ топтириш борасида кўрсатилаётган эътибор истеъдодларни аниқлаш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш, ёш мусаввирларни юртимиздаги ижодий-маърифий жараёнларга кенгроқ жалб этиш билан уйғун тарзда олиб борилаётганини таъкидлади.
Юртимизда тасвирий, амалий санъат ҳамда дизайн йўналишидаги ижодкорларни рағбатлантириш, шунингдек, болалар санъатини ривожлантириш, тизимдаги таълим муассасалари фаолиятида ихтисослаштирилган санъат мактаб-интернатлари ва ўрта махсус таълим муассасалари учун бошланғич бадиий таълимни йўлга қўйиш юзасидан кенг қамровли ишлар олиб борилмоқда.
Тасвирий ва амалий санъат умумтаълим мактаблари, ихтисослаштирилган таълим даргоҳлари, болалар мусиқа ва санъат мактаблари, олий ўқув масканларида ёшларга пухта ўргатилмоқда. Нафис санъат йўналишидаги билим даргоҳлари фаолиятини хорижий тажрибалар асосида такомиллаштириш, халқаро ижодий ва илмий алоқаларни мустаҳкамлаш, Ўзбекистонда ва хорижда кенг кўламда кўргазмалар ўтказиш орқали миллий санъатимиз ютуқларини дунё жамоатчилигига танитиш, ранг-баранг, қизиқарли ижодий лойиҳалар ўтказишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу йўналишдаги эзгу саъй-ҳаракатлар ёшларга пухта бадиий таълим бериш, уларнинг қобилияти ва салоҳиятини янада ривожлантиришга оид амалий чора-тадбирлар халқаро миқёсда ҳам алоҳида эътироф этилмоқда.
Анжуманда тасвирий ва амалий санъат, дизайн, санъатшунослик, музейшунослик йўналишлари, ижтимоий-гуманитар фанларнинг бадиий таълим тизимидаги ўрни, санъатшунослик ва бадиий танқидчиликнинг долзарб масалалари, моддий ва номоддий меросга янгича назар, дизайн эстетикаси ва технологияси, маданият ва санъатда ижтимоий-гуманитар фанларнинг аҳамияти атрофлича муҳокама қилинди.