Наманганда бир ой давом этган ва ҳар йили анъана тусини олган халқаро гуллар фестивали ўз якунига етди. 62-Халқаро гуллар фестивали чиндан дилларга шукуҳ улашди. Давлатобод туманидаги муҳташам “Афсоналар водийси” гўзаллик тематик паркининг амфитеатрида нафосат байрами ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
Шу йилнинг 21 майида бошланган фестивалнинг асосий тантаналари ўтказилган Заҳириддин Муҳаммад Бобур номидаги маданият ва истироҳат боғида бетакрор гул кўргазмалари, турфа маданий-маърифий, кўнгилочар дастурлар барчага завқ улашди. Тантанали маросимда сўзга чиққан Наманган вилояти ҳокими, Олий Мажлис Сенати аъзоси Шавкат Абдураззоқов халқаро гуллар фестивали Наманган вилоятининг ижтимоий-иқтисодий ривожланишида муҳим ўрин тутаётганлигини таъкидлади.
Бу йилги фестивалда Бобур боғига 22 миллион туп, кўча ва хиёбонларга 10 миллион туп ҳамда “Афсоналар водийси” паркига 10 миллион тупдан ортиқ гул кўчатлари экилди. Бу ўтган йилга нисбатан 15 миллион тупга кўп. Президентимиз ташаббуси билан фестиваль муддати бир ойга узайтирилгани натижасида ҳозирга қадар 6 миллиондан ортиқ гул шайдолари, Қирғизистон, Қозоғистон, Тожикистон, Россия, Ҳиндистон, Корея, Хитой, Покистон, Замбия, Буюк Британия, АҚШ, Саудия Арабистони, Япония, Германия, Эрон каби 40 дан зиёд мамлакатдан 100 мингга яқин хорижий сайёҳлар ташриф буюрди.
Халқаро гуллар фестивали доирасидаги халқаро ахборот технологиялари форуми, хорижий экспертлар иштирокидаги илмий-амалий конференция, ҳунармандлар кўргазмаси, ўзбек палови чемпионати, қўл жанги бўйича халқаро чемпионлар турнири, Фарғона водийси модалар ҳафталиги, жаҳон киноси ҳафталиги, Ўзбекистон миллий симфоник оркестрининг очиқ осмон остидаги концерти, Ўзбек миллий академик драма театри спектакллари, Қорақалпоғистон Республикасининг “Айкулаш” ансамбли концерти, “аския ва кулги”, “назм ва наво” кечалари фестиваль мазмундорлигини янада оширди.
Айниқса, жаҳон эстрадасининг таниқли намояндалари туркиялик Рафет Эл Роман, озарбайжонлик Талиб Тале ва Зайнаб Ҳасанийнинг катта шоу-концерти фестиваль меҳмонлари учун ҳақиқий совға бўлди. Маҳаллий ва хорижий меҳмонларни ўзининг муаттар атри ила ром этган гуллар нафақат гўзаллик, балки миллатлар ўртасида дўстлик ва тинчлик рамзига ҳам айланди, десак муболаға бўлмайди. Чунончи, дунёнинг айрим давлатларида юз бераётган беқарорлик, турли можаролар кечаётган айни кезда Янги Ўзбекистоннинг гулларга тўла заминидаги ифор орқали тинчлик-осудалик кенг тарғиб этилмоқда. Дарҳақиқат, озод ва обод, мустақил юртга мана шундай байрамлар ярашади. Зеро, поклик ва гўзаллик рамзи бўлган гуллар ҳар қандай байрамнинг бебаҳо нишонасидир.
– Наманганга учинчи бор келишим, Халқаро гуллар фестивалидаги бир-бирини такрорламайдиган композицияларни кўриб ҳайратландим, – дейди Россиянинг “RTV” телеканали мухбири Сарвиноз Каримова. – Бу ажойиб жараёнларни телеканалимиз орқали мунтазам ёритиб бордик. Одамлар нафақат байрамларда балки бошқа кунларда ҳам мана шундай гўзалликдан баҳраманд бўлиб туришлари керак. Анъанавий гуллар фестивали якунларига кўра, ҳокимликлар ўртасида Норин тумани ҳокимлиги, ташкилотлар ва бошқармалар орасида – “Ҳудудий электр тармоқлари” акциядорлик жамияти Наманган филиали – “Энг яхши ландшафт дизайн учун”, Чортоқ туманидаги “Chortoq Mineral Water” МЧЖ қўшма корхонаси – “Автопарадда энг яхши гулга безатилган автомашина”, профессионал гулчи Ойбек Нуриддинов – “Энг яхши дизайнер гулчи” номинациялари бўйича ғолибликни қўлга киритди.
Ғолибларга “Жентра” ва “Монза” автомашиналари топширилди. Шунингдек, “Энг яхши қадимий гулчи сулола давомчиси”, “Энг яхши гул композицияси”, “Энг яхши гулчилик мактабининг гулчиси”, “Энг кўп гул етиштирган гулчи”, “Гуллар фестивали гул автопарадида фаол иштирок этган кун қаҳрамони” каби номинациялар бўйича ғолиблар ҳам тақдирланиб, уларга пул мукофотлари тақдим этилди.
Тантанали тадбирда Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артистлар Озода Нурсаидова, Улуғбек Раҳматуллаев ҳамда вилоят санъат усталари ижросидаги қўшиқлар байрамга янада шоду ҳуррамлик улашди. Байрам якунидаги ўзига хос мушакбозлик томошалари эса маросимга тўпланган катта-ю кичикка бирдек олам-олам қувонч улашди.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА