Наркологик касалликларга чалинган шахсларни амбулатория ва стационар шароитларда тиббий-ижтимоий реабилитация қилиш давлат томонидан кафолатланиши кутилмоқда.
Бу “Наркологик касалликлар профилактикаси ва уларни даволаш тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси қонунига ўзгартишлар ва қўшимча киритиш ҳақида»ги қонунда назарда тутилмоқда.
Сенатнинг Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси мажлисида навбатдаги ялпи мажлис кун тартибига киритилиши режалаштирилган шу каби қонунлар дастлабки тарзда муҳокама қилинди.
Мажбурий даволаш атрофдагиларнинг хавфсизлиги ва соғлиғига таҳдид солаётган ёхуд жамоат тартибини, бошқа шахсларнинг ҳуқуқларини бузаётган, психоактив моддалар таъсиридан мастлик ҳолатида маъмурий ҳуқуқбузарликлар содир этганлик учун бир йил ичида бир мартадан ортиқ маъмурий жавобгарликка тортилган ҳамда ушбу қонунга мувофиқ мажбурий даволашга юборилиши мумкинлиги тўғрисида огоҳлантирилган наркологик касалликка чалинган шахсга нисбатан суднинг қарорига асосан қўлланилади.
Бундай мажбурий даволаш диспансер кузатуви остида (диспансер ҳисобида) бўлган ва ихтиёрий даволанишни рад этаётган наркологик касалликка чалинган шахсга нисбатан қўлланилиши белгилаб қўйилмоқда.
Шу билан бирга, қонунга наркологик касалликка чалинган шахсни мажбурий даволаш заруриятини аниқлаш билан боғлиқ барча клиник текширувлар наркология диспансерининг ўзида, зарур ҳолларда эса тегишли мутахассислар мавжуд бўлган бошқа тиббиёт муассасаларида ўтказилиши ҳақидаги норма киритилмоқда.
Яна бир янгилик сифатида наркологик касалликка чалинган шахсни мажбурий даволашга юбориш тўғрисидаги материалларни наркологик касалликка чалинган шахснинг оила аъзолари хабардор қилинган ҳолда, ички ишлар органларининг ташаббусига кўра тайёрланиши, шунингдек, ушбу шахсларни тиббий кўрикдан ўтказиш ва иш материалларини судга топшириш тартиблари белгиланмоқда.
Сенаторлар томонидан қонунга киритилаётган нормаларни амалиётда қўллаш жараёнида юзага келиши мумкин бўлган муаммоли вазиятлар ҳақида вазирлик ва идоралар вакилларидан жавоблар олинди.
Мажлис якунида қўмитанинг тегишли қарори қабул қилинди.
Н.Абдураимова, ЎзА