Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 4-5 апрель кунлари Россия Федерациясига давлат ташрифи чоғида Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ва Россия Федерацияси Молия вазирлиги ўртасида ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзоланган эди. Унга асосан давлат бюджетининг даромад қисмини ижро қилиш, ягона ғазна ҳисобварағидаги маблағларни бошқариш, давлат молиявий назорати ва аудит, бюджет ижроси жараёнини автоматлаштириш бўйича ҳамкорлик режалаштирилган.
Ўзаро келишувга мувофиқ, Россия Федерацияси Федерал ғазначилиги етакчи бошқармалари раҳбарларидан иборат делегация жорий йилнинг 23 апрель куни Тошкент шаҳрига келди.
Шу муносабат билан Тошкент шаҳрида вазирликлараро мулоқотлар доирасида ишчи гуруҳларнинг учрашувлари бўлиб ўтди.
Ўзбекистон ва Россия давлатлари ўртасидаги ҳамкорлик барча соҳалар каби молия соҳаси ривожи, хусусан, давлат бюджетининг даромад қисмини ижро қилишни такомиллаштириш, ягона ғазна ҳисобварағидаги маблағларни бошқариш, давлат молиявий назорати ва аудит, бюджет ижроси жараёнини автоматлаштириш борасида тажриба алмашишлар муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди.
Жорий йилнинг февраль ойида Ўзбекистон делегацияси Россия Федерациясида бўлган эди. Бундай ҳамкорликлар доирасида ўрганилган тажрибалар натижасида бир қатор меъёрий ҳужжатларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ва янги йўналишларга оид ҳужжатлар лойиҳалари ишлаб чиқилди. Жумладан, ягона ғазна ҳисобварағининг бўш пул маблағларини банк депозитларига жойлаштиришнинг электрон ахборот тизимлари имкониятларидан кенг фойдаланган ҳолда амалга ошириш механизми жорий қилиниши кутилаётгани бунга яққол мисолдир.
– Меморандум ижросига мувофиқ молия ва ғазначилик органлари иш тажрибасини ўрганишга қаратилган учрашув ва суҳбатлар менда катта таассурот қолдирди, – деди Россия Федерацияси Федерал ғазначилиги раҳбари ўринбосари Александр Михайлик. – Икки давлатнинг ушбу йўналишлар бўйича яхши тажрибаси бор. Шу нуқтаи назардан қараганда, бизнинг асосий мақсадимиз ўзбек ва рус ғазначилари ва мутахассисларининг иш тажрибаси билан яқиндан танишиш. Бу тажрибаларни иш жараёнида қўллаш биз учун ҳам ҳар жиҳатдан фойдалидир.
Ташриф доирасида меҳмонлар Самарқанд ва Бухоро вилоятларида ҳам бўлади.