Улуғ шоирни ёд этиб...

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида Маданият, Олий ва ўрта махсус таълим вазирликлари ҳамда Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси ҳамкорлигида Ўзбекистон халқ шоири Муҳаммад Юсуф таваллудига бағишланган “Улуғимсан, Ватаним!”дея номланган ижодий кеча бўлиб ўтди.

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Муслимбек Йўлдошев, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси ўринбосарлари Минҳожиддин Мирзо, Ғайрат Мажид ва бошқалар элимиз ардоғидаги шоирнинг ёрқин хотираси ҳақида илиқ сўзлар билдириб, унинг ўзбек шеърияти ва қўшиқчилигини ривожлантиришда беқиёс ўрни борлигини эътироф этди.

photo_2018-04-23_17-40-29.jpg

Ўзбекистон халқ шоири Муҳаммад Юсуф 1954 йили Андижон вилоятида деҳқон оиласида таваллуд топган. Тошкентдаги Рус тили ва адабиёти институтида (ҳозирги Жаҳон тиллари университети) таҳсил олган. Республика китобсеварлар жамияти, “Тошкент оқшоми” газетаси, Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриёти, “Тафаккур” журнали ҳамда “Ўзбекистон овози” газетасида хизмат қилди. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясида таҳсил олгач, 1998 йилдан умрининг охиригача Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида фаолият кўрсатди.

Мустақилликнинг илк даврлариданоқ “Ҳеч кимга бермаймиз сени, Ўзбекистон”, дея истиқлолни баралла куйлаган, виждони уйғоқ ижодкор Муҳаммад Юсуфнинг ҳаёт йўли, ижоди ва қизғин ижтимоий фаолияти ёшларимиз учун ибрат мактаби бўлиб хизмат қилмоқда. Унинг “Таниш тераклар”, “Булбулга бир гапим бор”, “Илтижо”, “Уйқудаги қиз”, “Ҳалима эна аллалари”, “Ишқ кемаси”, “Кўнглимда бир ёр”, “Бевафо кўп экан”, “Эрка кийик”, “Сайланма”, “Биз бахтли бўламиз”, “Осмонимга олиб кетаман”, “Улуғимсан, Ватаним” сингари ўндан ортиқ шеърий тўплами адабиётимизнинг олтин меросига айланган.

photo_2018-04-23_17-40-43 (1).jpg

 

Гулноза Бобоева, ЎзА