Сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Италия ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик алоқалари ривожланди. Дўстлик ва стратегик шериклик доирасида кўплаб икки томонлама манфаатли шартномалар тузилмоқда.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг яқинда Италия давлатига расмий ташрифи алоқаларни янги босқичга кўтарди.

Бугун, 15 июнь куни Судьялар олий кенгаши ҳузуридаги Судьялар олий мактабида Италия Судьялар олий мактаби делегациясининг мамлакатимизга ташрифи муносабати билан икки томонлама ҳамкорлик меморандумини имзолашга бағишланган тантанали тадбир бўлиб ўтди.

Унда Италиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси, Европа Иттифоқининг мамлакатимиздаги делегацияси вакиллари, Италия Судьялар олий мактаби мутахассислари, халқаро ташкилотлар раҳбарлари иштирок этди.

Имзоланган ҳужжатда тарафлар илмий-педагогик ривожланишга кўмаклашиш мақсадида умумий манфаатларга эга бўлган соҳаларда ҳамкорликни йўлга қўйиши белгилаб берилган.

Келишувга мувофиқ, бир нечта йўналишларда шерикликни ривожлантириш мақсад қилинган. Хусусан, ҳамкорликда таълим ва илмий дастурлар амалга ошириш, жумладан, тарафлар вакилларидан иборат илмий гуруҳларни ташкил қилиш, ўзаро манфаатли масалалар бўйича қўшма илмий-тадқиқот ишларини амалга ошириш ва услубий қўлланмалар ишлаб чиқиш кўзда тутилган.

Учрашувда, шунингдек, меморандум мазмуни батафсил тушунтирилди. Икки томон илмий ва таълим фаолияти режаси ҳамда илмий-тадқиқот натижалари тўғрисида ахборот алмашиш зарурлиги таъкидланди. Халқаро ташкилот вакиллари Ўзбекистондаги суд-ҳуқуқ соҳаси ислоҳ этилаётганини алоҳида эътироф этди.

Мулоқот давомида Италия томони Ўзбекистонга ташрифи тафсилоти, ўтказилган учрашувлар, судьялар фаолияти билан танишиш жараёни хусусида фикрлари билан ўртоқлашди. Мамлакатларимиз ўртасида суд-ҳуқуқ соҳаси фаолияти ва ютуқларини оммалаштириш бўйича қўшма тадбирлар ташкил этишга келишиб олинди.

Икки томон ҳам дарсликлар, илмий, ахборот ва услубий материалларни тайёрлаш, нашр этишда ҳамкорлик қиладиган бўлди. Энг муҳими, қонун устуворлигини мустаҳкамлаш, одил судлов самарадорлигини ошириш, қонунчиликни қўллаш амалиётини такомиллаштириш мақсадида кадрлар малакасини узлуксиз ошириб бориш таклифи маъқулланди.

Тадбир якунида Ўзбекистон Судьялар олий мактабининг икки нафар аёл вакилини тантанали равишда судялик лавозимига тайинлаш маросими ҳам бўлиб ўтди. Улар Италия Судялар олий мактаби вакиллари томонидан тақдирланди.

Беҳруз Худойбердиев, Нишонбой Абдувоитов (видео), ЎзА