Давлат хизматини ривожлантириш агентлигининг Давлат фуқаролик хизматчилари вакант лавозимлари ягона очиқ портали (vacancy.argos.uz)га бугунги кунда 68 давлат органи ва ташкилотлари ҳамда 208 туман (шаҳар) ҳокимликлари, уларнинг ҳудудий бўлинмалари ва тизим ташкилотлари уланган.
Ушбу платформа орқали давлат органлари ва ташкилотлари томонидан вакант лавозимлар учун 155 минг 700 танлов эълон қилинган бўлиб, уларда 1,5 миллиондан зиёд номзод иштирок этди. Иштирокчиларнинг 48 минг 149 нафари танлов ғолиби сифатида бўш лавозимларни эгаллади.
– Жорий йилнинг 14 июнь куни ҳолатига vacancy.argos.uz порталида давлат органлари ва ташкилотларидаги 386 тадан ортиқ бўш иш ўринларига очиқ танлов эълон қилинди, – дейди агентлик матбуот хизмати раҳбари Севара Зокирова. – Давлат органи ёки ташкилотида вакант лавозим вужудга келганда ушбу вакансия Ягона миллий меҳнат тизимига, яъни my.mehnat.uz порталига киритилади.
Мазкур портал vacancy.argos.uz платформасига интеграция қилинган бўлиб, вакант лавозим вакансиялар ягона очиқ порталида автоматик тарзда кўринади.
Ташкилот кадрлар бўлинмаси ушбу вакант лавозимнинг йўриқномаси, яъни мазкур лавозимга юклатилган функция ва вазифалардан келиб чиққан ҳолда малака талабларини киритади ҳамда эълон қилади.
2023 йил 1 январдан бошлаб, вакант лавозимга аризаларни қабул қилиш муддати 5 кун этиб белгиланган. Бунда тегишли бўш иш ўринлари кун давомида эълон қилиш учун тайёрланади. Танлов эълон қилинганидан кейин номзодлар фақатгина соат 23.59 дан сўнг, яъни бўш иш ўринлари эълон қилинган куннинг эртаси кунидан ариза юбориши мумкин.
Танловлар уч босқичда ўтказилади: номзодларнинг аризаларини тегишли малака талаблари бўйича ўрганиш, тест синови ва суҳбат.
Танловнинг малака талабларини ўрганиш босқичида вакант лавозимларга қўйилган аниқ мезонлар асосида номзодлар саралаб олинади.
Тест синови босқичи Давлат хизматини ривожлантириш агентлигининг ҳудудий филиалларида марказлашган ҳолда ўтказилади.
Суҳбат босқичи давлат органлари ва ташкилотларида ташкил этилган танлов комиссиялари томонидан ўтказилади. Ушбу босқичда Агентлик масъул ходими танлов комиссияси аъзоси сифатида иштирок этмайди.
Н.Абдураимова, ЎзА