Самарқандда 13-14 июнь кунлари Туркий давлатлар ташкилотига аъзо мамлакатлар таълим вазирларининг VII йиғилиши бўлиб ўтди.
Унда Ўзбекистон, Озарбайжон, Туркия, Қозоғистон ва Қирғизистон давлатлари фан ва таълим вазирликлари раҳбарлари, Туркий давлатлар ташкилоти бош котиби иштирок этди.
Йиғилишни Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазири Ҳ.Умарова кириш сўзи билан очди.
– Туркий давлат ташкилотига аъзо мамлакатлар ўртасидаги бундай учрашувлар 2012 йилдан буён доимий тарзда ўтказиб келинмоқда ва катта аҳамиятга эга, – деди Ҳ.Умарова. – Шубҳасиз, Туркий цивилизациянинг юксалишидаги асосий йўналиш таълим ва илм-фандир. Бугунги йиғилиш туркий давлатларнинг таълим соҳасидаги ҳамкорлигини янги босқичга олиб чиқишига ишонаман. Биз мактабгача таълимдан то олий таълимгача туркий давлатлар ҳамкорлигида биргаликда янги лойиҳаларни амалга оширишни мақсад қиляпмиз.
Ўзбекистон Мактабгача ва мактаб таълими вазири Туркий давлатлар ташкилоти доирасида мактабгача таълим тизимини янада ривожлантириш борасида ҳамкорликни кучайтириш, қардош мактаблар дастурлари батафсил концепцияси ва йўл харитасини ишлаб чиқиш, Ташкилотга аъзо мамлакатлар миқёсида халқаро Ал-Хоразмий ёш математиклар олимпиадасини ташкил этиш ва мазкур олимпиадани келгуси йил Тошкент шаҳрида ўтказиш таклифларини билдирди. Бу ташаббуслар йиғилиш иштирокчилари томонидан қўллаб-қувватланди.
Туркий давлатлар ташкилоти Бош котиби Кубаничбек Омуралиев ўз сўзида вазирлар йиғилишида таклиф этилган таълим соҳасида ҳамкорликдаги лойиҳаларни қўллаб-қувватлашини билдирди.
– Биз кеча ва бугунги учрашувлар доирасида туркий давлатлар ўртасида мактабгача, мактаб ва олий таълим соҳаларини янада ривожлантириш масалаларини муҳокама қилдик ва муҳим келишувларга эришдик, – деди К.Омуралиев. – Ушбу йиғилиш якунлари бўйича таълим вазирликлари махсус дастурларни ишлаб чиқади. Олий таълим муассасалари ўртасида ўзаро мобиллик алоқаларини мустаҳкамлаш, нуфузли олимпиадалар ўтказиш, стартап лойиҳаларда ҳамкорликни йўлга қўйиш каби ташаббуслар туркий халқлар тараққиётига хизмат қилади. Ҳамкорлик алоқаларининг ривожланиши жаҳон стандартларига мос етук мутахассислар тайёрлашга имконият яратади.
Таълим вазирлари йиғилишида олий таълим муассасалари ўртасидаги Орхун алмашинуви дастурининг ҳозирги ҳолати, Туркий давлатлар ташкилоти доирасида тармоқли университет таъсис этиш ва бошқа масалалар муҳокама қилинди ва тегишли қарорлар қабул қилинди.
Ғолиб ҲАСАНОВ, Алишер ИСРОИЛОВ (сурат), ЎзА