Рақобат қўмитасига Ўзбекистонда фаолият юритаётган туристик фирмалар хизмати бўйича бир қанча эътирозлар билдирган истеъмолчилардан мурожаатлар келиб тушган.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 12 октябрдаги “Умра тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш билан боғлиқ чора-тадбирларни янада такомиллаштириш тўғрисида”ги қарорига асосан Қорақалпоғистон Республикаси Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси томонидан мониторинг ишлари ўтказилди.

Мониторинг ўтказиш давомида “Умра” тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқи учун лицензияси мавжуд бўлмаган “MUSAFFO TRAVEL”, “EVRO TURISTIK” ва “ARAL TRAVEL” тур фирмалари томонидан “Умра” зиёрати тўғрисида рекламалар жойлаштирилгани аниқланди.

Аниқланган ҳолатлар бўйича Қўмита ходимлари томонидан жамиятлар раҳбарларига юқорида келтирилган қарор талабларига асосан “Умра” тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқи учун лицензия бўлиши шартлиги тушунтирилди ҳамда жойлаштирилган рекламалар жойида олиб ташланди.

Бундан ташқари, Қўмитага келиб тушган фуқаро мурожаатида истеъмолчи “ISKANDER TOURS” МЧЖ туристик фирмаси билан шартнома тузиб, 700 АҚШ доллари тўлаганига қарамасдан шартнома шартлари бажарилмаганидан норозилигини билдирган. Тўлаган пулини қайтариб беришда амалий ёрдам сўраган.

Олиб борилган тушунтириш ишлари натижасида фуқарога тўлаган маблағи қайтариб берилиши таъминланди.

Бундан ташқари Тошкент шаҳри, Самарқанд, Жиззах вилояти ҳудудий бошқармасига йўлланган мурожаатлар ҳам ўрганилиб, фуқароларга ёрдам кўрсатилди.

Н.Раҳмонова,

ЎзА