Самарқанд шаҳрида Ўзбекистон ва Туркия ўртасида маданият соҳасидаги қўшма комиссиянинг илк йиғилиши бўлиб ўтди.

Унда Ўзбекистон Республикаси маданият вазири ўринбосари Муроджон Мажидов бошчилигидаги соҳа масъуллари ҳамда Туркия Республикаси маданият ва туризм вазири ўринбосари Батуҳан Мумку бошчилигидаги делегация аъзолари иштирок этди.

Йиғилишда кино, театр ва цирк, ижодий ва амалий санъат, маданий мерос ва музейшунослик, маданий тараққиётни илгари суриш, моддий ва номоддий маданий мерос объектларини асраб-авайлаш учун замонавий технологияларни, шу жумладан, сунъий интеллектни интеграциялаш соҳасида ҳамкорлик, халқаро ташкилотлар доирасида бир-бирининг маданият соҳасида таклиф этилаётган ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ҳамда тажриба алмашиш бўйича ҳамкорлик масалалари атрофлича муҳокама қилинди.

– 2018 йилда Туркия Республикаси Президентининг Ўзбекистонга ташрифи чоғида имзоланган маданий алоқаларни ривожлантириш битими ўтган давр мобайнида икки мамлакат ўртасида ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқди, – дейди Туркия Республикаси маданият ва туризм вазири ўринбосари Батуҳан Мумку. – Бугунги йиғилишда ҳам икки мамлакатда маданият ва миллий кино кунлари, театр ҳафталикларини ташкил этиш, ҳамкорликда фильм ва саҳна асарлари яратиш ҳамда ЮНЕСКО, АЙСЕСКО, ТУРКСОЙ ва бошқа халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликда маданий ташаббусларни тарғиб қилиш борасида келишувга эришдик. Ўйлаймизки, бу ишлар икки мамлакатнинг маданий-гуманитар соҳадаги ҳамкорлигига катта туртки беради.

Йиғилиш якунида икки давлатнинг маданият соҳасидаги қўшма комиссияси аҳдлашув баёни имзоланиб, Ўзбекистон ва Туркия ўртасида маданият соҳасида II қўшма комиссия йиғилишини 2025 йилда Туркияда ўтказишга келишиб олинди.

Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат), ЎзА мухбирлари