Бугун UZTELECOM делегацияси “Huawei” штаб-квартирасида учрашув ўтказди. Унда томонлар Ўзбекистонда 5G технологиялари, сунъий интеллект ва катта маълумотлардан фойдаланиш соҳасидаги келгуси ҳамкорликни муҳокама қилди.
Компаниянинг мамлакатимиздаги ваколатхонаси ахборот хизматига кўра, учрашув давомида Миллий алоқа оператори вакиллари Ўзбекистонда илғор технологияларни жорий этиш мақсадида АКТ соҳасидаги инновациялар билан танишди.
Шунга кўра, мамлакатнинг АКТ инфратузилмасини мустаҳкамлаш, хусусан, “ақлли” шаҳарлар ва “ақлли” уй концепцияларини татбиқ қилиш каби соҳаларда сунъий интеллект ва катта маълумотлар технологияларидан фойдаланган ҳолда 5G ва 5.5G тармоқларини жорий қилиш имкониятлари ва илғор тажрибалар ўрганилди.
Сунъий интеллект ва катта маълумотлардан фойдаланиш Ўзбекистонда рақамлаштириш жараёнини тезлаштиришга ёрдам беради. Жамият ҳаёти сифати ва кундалик иш жараёнларига интеллектуалликни жорий қилиш имконини яратади.
Таъкидлаш жоизки, томонлар узоқ йиллардан буён алоқа соҳасида аҳамиятга молик лойиҳаларни амалга ошириш ва инновацияларни жорий этиш борасида ҳамкорлик қилиб келмоқда. Жумладан, сентябрь ойида ўтказилган “ICTWEEK 2024” ҳафталигида компаниялар Ўзбекистонда илк бор 5.5G тармоқларини ишга туширди.
Учрашув якунлари бўйича томонлар сунъий интеллект ва катта маълумотлар технологияларини жорий этиш бўйича лойиҳани амалга ошириш мақсадида ҳамкорлик меморандумини имзолашга келишиб олди.
Н.Зиёдуллаева тайёрлади,
ЎзА