Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Шавкат Мирзиёев 14 июнь куни Андижон вилояти сайловчилари билан учрашди.

“Med city” даволаш масканида ўтган учрашувни номзоднинг Андижон вилояти бўйича ишончли вакили Ўктамжон Охунов очди. Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида Андижон вилоятини ҳар томонлама ривожлантириш, тадбиркорлик ва ишбилармонлик муҳитини яхшилаш, одамларнинг турмуш сифатини ошириш бўйича эришилган натижалар эътироф этилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Шавкат Мирзиёев ўзининг сайловолди дастури юзасидан маъруза қилди.

– Келгуси етти йилда мамлакатимиз туман ва шаҳарларида 700 та янги поликлиника ташкил этилади. Бу орқали 3 миллион аҳолимиз учун бирламчи тиббий хизматлар янада яқинлашади. Шунингдек, бирламчи бўғиндаги барча оилавий шифокор пунктлари, поликлиника ва шифохоналар таъмирланиб, фильтрланган ичимлик суви ва иссиқ сув билан тўлиқ таъминланади. Гемодиализ бўлимлари сони икки карра кўпайтирилиб, 200 тага етказилади. Бу орқали барча туман ва шаҳарлар мазкур хизмат билан қамраб олинади, – деди Шавкат Мирзиёев.

Номзоднинг таъкидлашича, ҳар йили 1 миллион аҳоли жигар циррозига олиб келувчи гепатит “Б” ва “С” бўйича скринингдан ўтказилади, гепатит “С” га чалинган беморлар тўлиқ давлат ҳисобидан даволанади.

Барча туман ва шаҳарларда хусусий шериклик асосида МРТ ва МСКТ йўлга қўйилади. Бунинг учун 100 миллион доллар инвестиция йўналтирилади.

Шавкат Мирзиёев сертификати бор оилавий шифокорларнинг ойлик иш ҳақи икки карра оширилишини маълум қилди.

– Яна бир янги ташаббус. Энди оилавий шифокорларни кафолатланган тиббий хизматлар бўйича қайта тайёрлаб, уларга малака сертификати берамиз. Сертификати бор шифокорларнинг ойлик иш ҳақи икки карра оширилади.

Худди шу тартибни тиббиётнинг ҳақиқий фидойилари бўлган ҳамшираларимизга ҳам жорий қиламиз. Тиббиёт ходимларига кўп йиллар ишлаганлик учун тўланадиган устамалар миқдори ҳам қайта кўриб чиқилиб, оширилади.

Тез тиббий ёрдам автомобиль парки келгуси етти йилда тўлиқ янгиланади ва уларнинг 50 фоизи электромобиллар билан тўлдирилади. Бу орқали, ёнилғининг ўзидан йилига 200 миллиард сўм тежалади ва ушбу маблағлар тез тиббий ёрдам хизматларини ривожлантиришга сарфланади, – деди номзод.

Кейинги йилларда Андижон вилоятида аҳолини уй-жой билан таъминлаш борасида салмоқли ишлар амалга оширилди, минглаб оила уйли бўлди. Номзод ушбу эзгу ишлар изчил давом эттирилишини таъкидлади. Жумладан, Андижонда 2030 йилга қадар 3 мингта кўп қаватли уй барпо этилиб, 100 минг оила янги уй-жойли бўлади. Бу мақсадлар учун келгуси етти йилда 30 триллион сўм йўналтирилиши кўзда тутилган.

Шунингдек, 2030 йилга қадар 427 та маҳаллада 600 минг аҳолини марказлашган ичимлик суви билан таъминлаш, 1 миллион аҳолининг сув таъминотини яхшилаш белгиланган.

– Андижон, Хонобод ва Қорасув шаҳарлари, Қўрғонтепа, Жалақудуқ, Андижон, Асака ва Олтинкўл туманларидаги 510 минг аҳолининг сув таъминотини яхшилаш учун “Хонобод – Андижон” магистрал сув қувурининг иккинчи тармоғи қурилади. Бунга 35 миллион доллар инвестиция жалб қилинади. Умуман, вилоятда марказлашган ичимлик суви қамровини ҳозирги 87 фоиздан 97 фоизга етказамиз, – деди номзод.

Номзод андижонлик сайловчилар билан учрашувда таълимга оид қилинадиган ишлар хусусида ҳам айтиб ўтди.

– Келгуси йилларда боғча етарли бўлмаган 131 та маҳаллада 1,5 мингта давлат ва хусусий боғчалар барпо этилади, 210 та боғчанинг қувватлари оширилади. Натижада, қўшимча 90 минг болажонларимиз учун мактабгача таълим имкониятини яратиб, қамровни 100 фоизга етказамиз. Келгуси етти йилда мактаб мавжуд бўлмаган 25 та маҳаллада жами 20 минг ўринли янги мактаблар барпо этилади. Шунингдек, 150 та мактабда қўшимча ўқув бинолари қуриш ҳисобига, 80 минг ўқувчи ўрни яратилади.

Келгуси йилларда Андижон давлат университетида 2 минг ўринли, Андижон чет тиллари институтида 1 минг ўринли, Андижон тиббиёт институтида 1 минг ўринли янги ўқув бинолари барпо этилади.

Илмга чанқоқ вилоят ёшлари учун 6 та янги олийгоҳ ташкил этилиб, уларда 30 дан ортиқ янги йўналишлар очилади. Булар ҳисобидан олий таълимда қамров ҳозирги 30 фоиздан 50 фоизга етказилади, – деди Шавкат Мирзиёев.

Номзод учрашувда Фарғона водийси аҳолисига қулайлик яратадиган, “Тошкент – Андижон” муқобил пуллик автомобиль йўлини қуриш бўйича мега-лойиҳа йил охиригача бошланишини маълум қилди.

– Водий аҳолисининг узоғини яқин қилиш мақсадида “Андижон – Фарғона – Қўқон – Наманган – Андижон” темир йўл ҳалқаси бўйлаб 4 та электропоездлар ҳаракати йўлга қўйилади. Натижада, кунига 8 та қатнов ташкил этилиб, 10 мингга яқин йўловчи ташилади. Бунга 40 миллион доллар жалб қилинади.

Шунингдек, Андижон халқаро аэропорти замонавий стандартлар асосида тўлиқ таъмирланади ва бу ишларга 350 миллион доллар йўналтирилади.

Шу йил охиригача Жаҳон банки билан бирга, “Тошкент – Андижон” муқобил пуллик автомобиль йўлини қуриш бўйича 2,5 миллиард долларлик мега-лойиҳа бошланади. Лойиҳани амалга ошириш натижасида Андижондан Тошкент шаҳрига бориш вақти ҳозирги 5 соатдан 3 соатга қисқаради, – дея таъкидлади Шавкат Мирзиёев.

Шавкат Мирзиёев учрашувда автомобилсозликка оид маълумотлар билан ўртоқлашди ва қуйидаги фикрларни билдирди:

– Бир рақамга эътибор қилинг, Асака туманидаги саноат ишлаб чиқариш ҳажмлари республиканинг 9 та вилояти саноатидан юқори.

Биз автомобилсозлик саноатини янада ривожлантириш учун қўшимча 1 миллиард доллар инвестиция киритамиз. Бу орқали келгуси икки йилда автомобиль ишлаб чиқаришни ҳозирги 300 минг донадан 500 минг донага олиб чиқамиз. 2030 йилга қадар эса йилига 1 миллион дона автомобиль ишлаб чиқаришга эришамиз. Шунингдек, Асакада 13 та корхона иштирокида йирик машинасозлик кластери ташкил этилмоқда, – деди Шавкат Мирзиёев.

Шавкат Мирзиёев андижонлик сайловчилар билан учрашувда стратегик аҳамиятга эга йирик лойиҳа хусусида тўхталиб ўтди.

– Хабарингиз бор, биз стратегик аҳамиятга эга бўлган “Ўзбекистон – Қирғизистон – Хитой халқаро темир йўл қуриш” мега лойиҳасини бошлаяпмиз. Ҳозирги кунда лойиҳанинг иқтисодий асослари тайёрланди, йил якунигача ҳамкор давлатлар билан бирга қурилиш бўйича амалий қадамларни қўямиз. Бу лойиҳа андижонлик тадбиркорларнинг ҳам узоғини яқин қилиб, Хитой билан юк ташиш масофасини 1,2 минг километрга, муддатини эса, 10 кунгача қисқартириш имконини беради, – деди Шавкат Мирзиёев.

Шавкат Мирзиёев андижонлик сайловчилар билан учрашувда ёлғиз кексаларга оид муҳим янгиликлар қилиниши ҳақида айтиб ўтди.

– Бугунги кунда ёлғиз кексаликни расмийлаштириш учун бир ой сарфлаб, 9 та ҳужжат йиғиш ҳамда ҳоким қарорини чиқариш талаб этилади. Энди тизим ўзгариб, бу масалалар маҳалланинг ўзида ҳал қилинади. Маҳаллалардаги ёлғиз кексаларни ижтимоий ходимлар томонидан аниқлаш тартиби жорий этилади ва барча талаб этиладиган ҳужжатларни уларнинг ўзи расмийлаштиради.

Бундан буён ёлғиз кексаликни белгилаш учун ҳоким қарори талаб этилмайди. Шунингдек, “Саховат” уйларида яшаётган отахон-онахонларимиз учун пенсиялар тўлиқ миқдорда тўлаб берилади (амалда 20 фоиз тўланади)”, – деди Шавкат Мирзиёев.

Учрашувда партия вакиллари сўзга чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида Шавкат Мирзиёев номзодини қўллаб-қувватлашини таъкидлади ва бошқаларни ҳам шунга чақирди.

Зиёдулла ЖОНИБЕКОВ, ЎзА