Ҳиндистоннинг машҳур “WION” телеканали сайтида Ҳиндистоннинг Ўзбекистон билан маданий алоқалари тўғрисида мақола эълон қилинди.
Журналист Сиддхант Сиббал мавзуни республикамиздаги телеканаллардан бирида намойиш этилаётган “Bollywood Battle” мусиқий-кўнгилочар лойиҳаси мисолида ёритди.
“Болливуд ҳақидаги мусиқий дастур мамлакатда катта шуҳрат қозонди, кўрсатув иштирокчилари машҳур ҳинд қўшиқлари остида саҳна кўринишларини ижро этади”, – изоҳлайди муаллиф.
Мақолада навбатдаги дастур финал босқичида Ҳиндистоннинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Маниш Прабхат иштирок этгани, ушбу кўрсатув маданият соҳасида ҳамжиҳатликни янада чуқурлаштиришга ёрдам бериши қайд этилган. Элчи ўзаро мустаҳкам дўстликка урғу бериб, “Ўзбекистон Ҳиндистонни, Ҳиндистон эса Ўзбекистонни яхши кўришини” таъкидлаган.
Мақолада шунингдек, ўтган аср пойтахтимизда бўлиб ўтган, Раж Капур, Рандхир Капур, Риши Капур ва Амитабх Баччан каби Болливуд юлдузлари иштирок этган машҳур Осиё, Африка ва Лотин Америкаси давлатлари халқаро кинофестивали тилга олинган.
– Ҳиндистон ва Ўзбекистон кино ижодкорларининг биргаликдаги саъй-ҳаракати, “Алибобо ва қирқ қароқчи” каби фильмлар маданий алмашинувни янада мустаҳкамлади, – деб ёзади Сиддхант Сиббал. – Умеш Меҳра ва марҳум Латиф Файзиев ҳамкорлигида Ўзбекистонда суратга олинган мазкур асар ҳар икки халқ кино санъати тарихида ўчмас из қолдирди. 2021 йил Тошкент халқаро кинофестивали қайта тикланиб, анжуманда Рандхир Капур ва Митхун Чакраборти сингари таниқли юлдузлардан иборат Ҳиндистон делегацияси ҳам иштирок этди. Ўзбекистонда ҳинд фильмлари суратга олиниши қайта тикланиши, янги шаклда тикланган фестиваль икки мамлакат ўртасидаги кўп йиллик маданий алоқани янада ривожлантиради.
ЎзА