Қарор ва ижро

Заргарлик маҳсулотлари бутун дунёда талаб юқори бўлган товарлар сирасига киради. Маълумотларга кўра, жаҳон заргарлик саноатида ишлаб чиқариш ҳажми йилига 5-6 фоизга ўсмоқда. Товар айланмаси 250 миллиард доллардан ошаётгани эса соҳанинг улкан экспорт салоҳиятидан далолат.

Мамлакатимизда заргарликнинг кўп асрлик анъаналарини тиклаш, маҳаллий заргарлик буюмлари ишлаб чиқарилиши ва самарадорлигини ошириш учун қулай шарт-шароитлар яратишга эътибор ортмоқда. Аҳолининг юқори сифатли маҳаллий заргарлик буюмларига бўлган талабини қондириш мақсадида тегишли чоралар кўрилмоқда.

Бу борада Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 23 декабрдаги “Заргарлик буюмларини ишлаб чиқариш қувватларини кенгайтириш ва маҳаллий заргарларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори муҳим аҳамиятга эга.

Мазкур қарор асосида бугунги кунда тижорат банклари томонидан тадбиркорларга йиллик 14 фоиз ставкада, 36 ой муддатга, 6 ойлик имтиёзли давр билан кредитлар ажратиб келинмоқда.

Қарор ижроси доирасида қандай ишлар амалга оширилаётгани ҳақида «Микрокредитбанк» акциядорлик-тижорат банкидан баъзи маълумотларни олдик. Банк ахборот хизматининг маълум қилишича, тизимида ушбу қарор бўйича изчил ишлар амалга оширилмоқда.

Банк молиявий кўмагида тадбиркорларга заргарлик буюмлари ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш ва бу борадаги фаолиятларини кенгайтиришлари учун шароитлар яратилмоқда.

– Яратилаётган имкониятлардан самарали фойдаланишга ҳаракат қилмоқдамиз, – дейди тадбиркор Комила Маҳмарова. – Жорий йилнинг март ойида фаолиятимизни кенгайтириш мақсадида “Микрокредитбанк”дан йиллик 14 фоиз ставкада 3 йил муддатга 85 миллион сўм кредит олдик. Бугунги кунда ишларимиз ривожланмоқда. Маҳаллий бозорга ўз заргарлик буюмларимизни чиқармоқдамиз. Айни дамда соҳанинг сир-асрорларини ўргатиш мақсадида устоз-шогирд анъаналарини йўлга қўйганмиз. Келгусида янги иш ўринлари яратамиз. Шунингдек, маҳсулотларимизни экспортга чиқарамиз.

Иш фаолиятини янада кенгайтириш мақсадида зарурий техникалар сотиб олиш учун банкдан кредит олган яна бир тадбиркор Умида Каримова саналади. Тадбиркорнинг таъкидлашича, бугунги кунда аёлларимиз кўпроқ индивидуал заргарлик буюмлари ясатишга ва ўзига хос дизайндаги зеб-зийнат буюмларига буюртма беришга қизиқиш билдиришмоқда.

Банк томонидан мазкур соҳани янада ривожлантириш ҳамда тадбиркорларга кенг имкониятлар яратиш мақсадида изчил ишлар амалга оширилиши режалаштирилмоқда.

ЎзА