Пойтахтимизда бодибилдинг ва фитнес бўйича Осиё чемпионати бўлиб ўтди. Нуфузли мусобақада қитъамизнинг қатор давлатларидан юздан ортиқ спортчи иштирок этди.
Мамлакатимизда жисмоний тарбия ва спортни ривожлантиришга қаратилаётган алоҳида эътибор, ўсиб келаётган ёш авлоднинг спорт билан шуғулланиши учун яратилаётган кенг имкониятлар кўплаб спорт турлари, жумладан, бодибилдинг ва фитнеснинг оммалашишида муҳим омил бўлмоқда.
Бодибилдинг ва фитнес – дунёда оммалашаётган жозибадор спорт турларидан. Бодибилдинг – тана мушакларини ривожлантириш, деган маънони англатади. Фитнес – акробатика ва гимнастика машқларини ўзида мужассам этган соғломлаштирувчи ҳаракатлардир.
Мамлакатимизнинг барча ҳудудида замонавий қулайликларга эга тренажёр заллари ва фитнес марказлари фаолият юритмоқда. 2006 йил ташкил этилган Ўзбекистон бодибилдинг ва фитнес федерацияси ушбу спорт турини ёшлар ўртасида кенг оммалаштиришга фаол ҳисса қўшмоқда. Натижада Михаил Волинкин, Александр Сахаров, Армен Пашикян каби маҳоратли спортчиларимиз бодибилдинг бўйича нуфузли халқаро мусобақаларда Ватанимиз шарафини муносиб ҳимоя қилмоқда.
Чемпионатда Анваржон Зуфаров, Достон Ҳасанов, Давронбек Туйғунов, Екатерина Валитова, Елена Нураева, Светлана Чернова турли йўналиш ва вазн тоифаларда биринчи ўринни қўлга киритди.
– Осиё чемпионатида олтин медалларни қўлга киритганимдан хурсандман, – дейди Елена Нураева. – Бу каби улкан муваффақиятларни қўлга киритишимиз мамлакатимизда биз спортчиларга ҳар томонлама қулай шарт-шароитлар яратилгани туфайлидир.