Юракка кўмилар асл шоирлар

У Ватанни ҳеч қандай иддаоларсиз, соф юрак билан, мисраларида ёзганидек, «офтобдан ҳам ўзинг меҳри илиғимсан, Ватаним» ёхуд «Римни алишмасман бедапоянгга» дея алқаб севди.

Қалам аҳли учун камёб ҳодиса ҳисобланган 44 ёшида «Ўзбекистон халқ шоири» унвонини олишдек шарафга эга бўлган сўз куйчиси Муҳаммад Юсуф шеърлари етиб бормаган юрак, китоблари кириб бормаган хонадон, у кишининг шеърлари асосида куйланган қўшиқларни тинглаб, сел бўлмаган кўнгил йўқ бўлса керак юртимизда. Шу боисдир шоир хотираси ҳеч қачон унутилмас.

15.JPG

16.JPG
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида қатор ташкилотлар билан ҳамкорликда Ўзбекистон халқ шоири Муҳаммад Юсуф хотирасига бағишлаб «Улуғимсан Ватаним» номли адабий-бадиий кеча, фото ва китоблар кўргазмаси бўлиб ўтди.

Таниқли шоир ва ёзувчилар, санъат вакиллари, шоирнинг оила аъзолари ва яқин дўстлари, ёшлар, умуман, адабиётга ошно инсонлар иштирок этган тадбирда сўз олганлар Муҳаммад Юсуф ҳақидаги хотираларини сўзлаб берди. Кечада шоир шеърлари асосида қўшиқ қилинган тароналар янгради, гўзал шеърларидан намуналар ўқилди.

Ижоди айни гуллаган вақтда оламни тарк этган шоирнинг номи ҳамон қадрланмоқда, Муҳаммад Юсуф хотирасини абадийлаштириш мақсадида Президентимиз ташаббуси билан Адиблар хиёбонида шоирнинг ҳайкали қад кўтаргани ҳам миллатнинг, халқнинг ижодкорга бўлган улкан меҳри ифодасидир.

 

Инобат Аҳатова, Отабек Мирсоатов (сурат), ЎзА