Айни кунларда АҚШнинг Лос-Анжелес шаҳрида “Cine Gear Expo 2023» технология, кўнгилочар ва медиа саноати халқаро кўргазмаси бўлиб ўтмоқда.

Мазкур тадбир  кино ва телевидение ҳаваскорлари ҳамда профессионаллари учун мўлжалланган бўлиб, унда янги технологиялар билан танишиш, қисқа метражли фильмларни томоша қилиш мумкин.
Қувонарлиси, 60 дан ортиқ давлатдан келган иштирокчилар орасида ўзбекистонлик ижодкорлар ҳам бор. Юртимизнинг  «9999» студияси Озодбек Назарбековнинг “Мендирман” қўшиғига суратга олинган видеоклипи билан “Мусиқий ва қисқа метражли фильмлар” номинацияда иштирок этди ва халқаро кўргазмада “Энг яхши клип” деб эълон қилинди.

Режиссёрлар Нодир ва Хуршид Собиров томонидан ишланган ушбу клип мутахассислар ва томошабинларда катта таассурот қолдирган.
Кўргазма ушбу соҳадаги янги технологиялар ва иш услубларини ўрганиш истагида бўлган кино ва телевидение соҳаси мутахассислари ҳамда ҳаваскорларини ўз атрофида  бирлаштиради.

«Cine Gear Expo»  кўргазмасида ўз тажриба ва билимларини томошабинлар билан баҳам кўрадиган соҳа етакчиларининг чиқишлари ташкил этилмоқда. Стивен Постер, Лоуренс Шер, Ава Берковский ва бошқалар шулар жумласидан. Улар кино ва телевидение билан боғлиқ турли мавзуларни, масалан, янги технологиялар, иш услублари, ижодий ёндашувлар, малака ошириш ва бошқа муҳим мавзуларни муҳокама қилмоқда.
Фильмлар танлови кўргазманинг бир қисми бўлиб, унда янги технологиялар ва ижодий ёндашувлар ёрдамида суратга олинган қисқа метражли фильмлар намойиш этилади.
Танлов учта тоифага бўлинган — реклама/мусиқий видеолар, мустақил қисқа метражли фильмлар ва талабалар фильмлари.
Фильмлар соҳа мутахассисларидан иборат ҳакамлар ҳайъати томонидан ўзига хослик, сюжет, режиссёрлик, кинематография ва бошқалар каби турли мезонлар бўйича баҳоланади.
Ғолиблар «Sony»,  «Canon»,  «Panasonic»,  «Blackmagic Design» ва бошқа ҳомийлар томонидан мукофотланади. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Маданият ва туризм вазирлиги ахборот хизмати маълум қилмоқда.

    Н.Усмонова, ЎзА